Расман: Александр Хомяков - "Андижон" бош мураббийи!

Суперлигага қайтган “Андижон” футбол клубида янги мавсум учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Шу мақсадда жамоа аъзолари бугун клуб қароргоҳида тўпланиб, бўлажак чемпионат учун дастлабки машғулот босқичини бошладилар.

Жамоада эътиборга молик ўзгаришлар юз берди. “Андижон” клуби бош директори Улуғбек Мирзаев бугун янги мавсумга тайёргарлик бошланиши олдидан жамоа аъзолари  ҳамда клуб ишчи-ходимлари билан йиғилиш ўтказди ва унда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Улуғбек Абдусатторович йиғилишда “Андижон” жамоасининг про лига ғолиби сифатида Суперлигага қайтишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган футболчилар ва мураббийларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

хомяков3

Шунингдек, клуб бош директори жамоада катта ҳажмдаги ишни бажарган ва Суперлигага қайтиши йўлида самарали фаолият юритган ҳамда қўллаб-қувватлаб турган “Андижон”нинг собиқ таъсисчиси Журъатбек Қувватовга ҳам олиб борган меҳнати учун ўзининг миннатдорчилигини изҳор этди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчимизки, жамоамизда бир ярим мавсум давомида бош мураббий сифатида фаолият олиб борган россиялик Виктор Кумиковнинг клуб билан тузилган шартномаси ниҳоясига етгани сабабли у “Андижон” билан хайрлашди. Ўз навбатида Виктор Балютовичга жамоамизнинг Суперлигага қайтишига муносиб ҳиссасини қўшгани ва клубда муваффақиятли фаолияти учун миннатдорчилик билдирамиз ва унинг кейинги ишларига омад тилаймиз.

Улуғбек Мирзаев бошчилигида ташкил этилган йиғилишда “Андижон” жамоамизга янги бош мураббий сифатида Александр Хомяков расман таништирилди.

53 ёшли россиялик Александр Андреевични мухлисларимиз жуда яхши биладилар. Боиси, 2019 ва 2020 йилги мавсумларда ҳам “Андижон” клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб борган. Охирги иш жойи эса Муборакнинг “Машъал” клуби ҳисобланади.

Бундан ташқари, Хомяков билан бирга жамоамизда ёрдамчи мураббий сифатида Артём Петросян ҳам иш бошлади. Унинг охирги иш жойи Бекободнинг “Металлург” клубидир. Мухлислар яхши билишса керак, у дарвозабон сифатида иштирок этган ва эндиликда мураббий ролида меҳнат қилиб келмоқда.

Қолаверса, Хомяков ҳам ўзига билдирилган ишонч учун раҳбариятга ўзининг ташаккурини билдирган ҳолда жамоани ҳар томонлама равнақ топиши йўлида қўлидан келганича ҳаракат қилиб, тўплаган барча билим ва тажрибасини ишга солишини алоҳида айтиб ўтди.    

“Андижон” матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!