Расман! "Андижон" футболчиси Россия премьер-лигаси клубига трансфер қилинди
Трансфер ойнаси очилган маҳалда селекция ишлари янада жиддий тус олган. Маълумки, «Андижон» таркибида кўплаб иқтидорли, келажаги порлоқ футболчилар талайгина. Улар жамоа сафида тўп суриш орқали ўзларини кўрсатишмоқда ва кўплаб скаутларнинг эътиборини тортмоқда.
Қолаверса, клубда трансфер сиёсати тўғри йўналишда олиб борилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, 21 ёшли ярим ҳимоячи, ёшлар терма жамоаси аъзоси Шерзод Эсановга Россиянинг «Акрон» жамоасидан жиддий таклиф тушди. Натижада иккала клуб томонидан олиб борилган музокаралардан сўнг Эсанов «Акрон» жамоасига трансфер қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Андижон» клубидан илк бор Россия премьер-лигасига ўйинчи трансфер қилиниши ҳамда шу йилнинг ўзида жамоадан иккинчи футболчининг (биринчи трансфер Рубин Хебай) хориж клубига сотилиши амалга оширилаётган тизимли ишларнинг маҳсулидир.
Шерзод «Андижон» сафига 2022 йили қишда қўшилган бўлиб, қисқа фурсат ичида ўз иқтидорини намойиш қила олди. Ўша йилги мавсумда Эсанов «Андижон» сафида чемпионат ва Кубок баҳсларида ҳаммаси бўлиб, 18 та ўйинда майдонга тушиб 3 та гол урди. Ўтган йилги мавсумни ҳам "Бургутлар" билан бирга бошлади ва 5 та ўйинда қатнашди. Иккинчи даврада эса «Олимпик» клубига ижарага берилди. Жорий мавсум аввалида Эсанов яна «Андижон»га қайтди. Мавсумнинг биринчи қисмида у чемпионат ва Кубокда ҳаммаси бўлиб 15 та беллашувда иштирок этиб, 2 та гол муаллифига айланди ҳамда мухлисларнинг меҳрини қозонди.
Шерзод бугун кечки пайт Тошкент-Москва йўналишида жўнаб кетди. Фаолиятида илк бор легионерга айланган футболчимизни янги жамоасида катта қизиқиш билан кутишмоқда.
Унинг янги клуби Тольяттининг «Акрон» клуби илк бор Россия премьер-лигасида иштирок этмоқда. Эсановга «Андижон»даги фаолияти учун миннатдорчилик билдирамиз ва унга янги клубида муваффақият тилаймиз, - дейилади клуб матбуот хизматининг расмий хабарида.
Фикрлар