Расман! "Истиқлол" Про лигани тарк этди
Шу йилнинг 12 апрель куни Фарғонанинг “Истиқлол” клуби Про лигани давом эттирмаслик юзасидан расмий мурожаат билан чиққанди. ЎзПФЛ клубнинг иштирокчилар сафидан чиқиши масаласини ташкилот Ижроқўмга киритди ҳамда “Истиқлол”нинг мусобақадан чиқиб кетиши расман тасдиқланди.
“2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 8.9-бандига асосан “Истиқлол” футбол клубининг 2021 йилги мавсумда қайд этган натижалари бекор қилинди. Ўша учрашувда ишлаб олинган сариқ ва қизил карточкалар эса ўз кучида қолди. Эндиликда Про лиганинг ҳар бир турида “Истиқлол”га қарши тўп суриши керак бўлган жамоа шу тур доирасида дам олади.
“Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент”нинг 14.2-бандига асосан “Истиқлол” футболчиларига бошқа клублар билан шартнома имзолаш ҳуқуқи тақдим этилади. ЎзПФЛ янги тузилган шартномаларни ёзги трансфер ойнаси очилгунга қадар ҳам рўйхатдан ўтказади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди. Қайд этиш керак, ёзги трансфер Ўзбекистонда 5 июль куни расман очилади ва 31 июлга қадар давом этади.
“Истиқлол” футбол клубининг эндиликдаги собиқ футболчилари ўзлари шартнома имзолаган янги клублари сафида қачондан бошлаб майдонга тушишлари масаласи 19 апрель кунги алоҳида йиғилишда кўриб чиқилади. Мазкур йиғилиш ЎФА, ЎзПФЛ, Футболчилар уюшмаси ҳамда Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита вакиллари иштирокида ташкил этилади.
Фикрлар