Расман! Нўъмон Хасанов истеъфога чиқди
Кеча “Қўқон-1912” футбол клубида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ўз аризасига биноан истеъфога чиқди. Жамоани вақтинчалик Азиз Тўхтабоев бошқариб туради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқдими? "Қўқон-1912" клуби матбуот хизматидан жавоб
Нўъмон Ҳасанов 2016 йилнинг 2-даврасида жамоани жуда қийин вазиятда қабул қилиб олган эди. Тажрибали мураббий “Қўқон-1912” жамоасини кучлилар сафида олиб қолишни уддасидан чиқди. Қолаверса, Нўъмон Ҳасанов мураббийлик қилган даврда жуда кўплаб ютуқларга эришилди. Жумладан, “Қўқон-1912” клуби 2017 ва 2019 йилларда Фарғона вилоят ҳокими кубоги ғолиби бўлди. Шунингдек 2017 йилда Қўқон футболи тарихидаги энг узоқ мағлубиятсиз серия такрорланди. Жамоа 2-турдан 13-тургача 11 та ўйинда мағлубият нималигини билмади. “Қўқон-1912” жамоаси Тошкентда “Пахтакор” , “Локомотив” жамоаларидан очко тортиб олишга эришди. “Бунёдкор” жамоаси ўз майдонида мағлуб этилди.
Нўъмон Ҳасанов даврида “Қўқон-1912” футбол клубидан Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари таркибига 3 нафар футболчи таклиф қилинди ҳамда бу футболчилар Осиё миқёсидаги йирик ҳалқаро мусобақаларда ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишди. Нўъмон Ҳасанов мураббийлик фаолияти давомида ёш футболчиларни тарбиялашга ҳам жиддий эътибор қаратди. Жумладан Жавоҳир Сидиқов, Ойбек Рустамов каби футболчилар нафақат “Қўқон-1912” футбол клубининг балки Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларининг ҳам асосий футболчилари бўлиб етишишида бош мураббийнинг хизматлари катта бўлди. Нўъмон Ҳасанов жамоага бош мураббий бўлиб келган вақтда асосий мақсади Қўқонлик футбол мухлисларини стадионга қайтариш эканлигини таъкидлаган эди. Дарҳақиқат ўтган мавсумларда Қўқондаги “Марказий” стадиони мухлислар билан тўлиб тошди. “Қўқон-1912” жамоаси ўз мухлисларига жуда кўплаб қувончли ва ҳаяжонли дақиқаларни ҳадя қилди.
Фикрлар