Расман: "Шахтёр" ўзбекистонлик ҳужумчи билан шартнома имзолади
Янги мавсумда ўзбекистонлик футбол ишқибозлари УЕФА чемпионлари лигасида “Шахтёр” (Солигорск) клубига мухлислик қиладиган бўлишди. Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳужумчиси ва тўпурари Шаҳзод Убайдуллаев Беларусь чемпиони – “Шахтёр” клуби билан шартномани расмийлаштирди.
Беларусь чемпионатида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар сони яна бир нафарга ошди. «Металлург» клубининг 22 ёшли ҳужумчиси 8 январь санасида Беларусга учиб кетганди. Убайдуллаев бўлғуси клуби қароргоҳида тиббий кўрикдан ўтди. Кеча томонлар бир тўхтамга келишди ҳамда ўзаро шартнома имзоланди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мазкур клуб шарафини ўзбекистонлик бошқа бир ўйинчи Жасур Яхшибоев ҳам ҳимоя этганди.
Шаҳзод Убайдуллаев ўтган йили “Металлург” таркибида Суперлиганинг 26та ўйинида майдонга тушиб, 8 та гол урганди. Бундан ташқари, Шаҳзод Убайдуллаев 2020 йилги мавсумдан эътиборан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушди. МТЖнинг йиғинларига жалб этилди ва учта ўртоқлик учрашувида майдонга туширилди. Шаҳзод ўзининг Ўзбекистон МТЖ таркибидаги дебют учрашувидаёқ Тожикистон миллий терма жамоаси дарвозасини ишғол этганди.
Фикрлар