Равшан Эрматов иштирок этган йиғилишда "Нефтчи" клубининг техник директори бошқа ишга ўтказилди
Фарғона вилояти футбол маҳорати мактабида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Абдулла Аслонов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров ҳамда ФММ ишчи-ходимлари ва мутасаддилар иштирок этди.
Кун тартибига кўра, йиғилишда маҳорат мактабига директор тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Маълумки, Фарғона футболи иқтидорли ва юқори салоҳиятли футболчиларга эга. Аммо футбол маҳорат мактаби раҳбарларининг ўз ишига масъулият ва профессионаллик билан ёндашмаганлиги сабаб уларни кашф қилишда камчиликлар кузатилган. Маҳорат мактабининг асосий вазифаси Фарғона футболи, «Нефтчи» клуби ва турли терма жамоаларимизга истеъдодли футболчиларни етиштириб беришдан иборатлиги йиғилишда таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг буйруғига асосан, Раимжонов Шерзод Мухамеджонович Фарғона вилояти футбол маҳорати мактаби директори лавозимига тайинланди.
Маълумот ўрнида, Шерзод Раимжонов 1979 йил Фарғона шаҳрида туғилган. 2008 йил Фарғона давлат университетини тамомлаган. Футбол соҳасида турли масъул лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб борган. Шу кунга қадар Раимжонов «Нефтчи» футбол клубида техник директор вазифасини бажариб келаётган эди.
ЎФА матбуот хизмати.
Фикрлар