Равшан Эрматов: Ўзбекистоннинг ҳар бир ёшдаги терма жамоасидан мухлисларимиз юксак натижалар кутишади

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6-10 ноябрь кунлари Саудия Арабистонида U-19 Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳслари ўтказилади.

Саралаш баҳсларига ҳозирлик жараёни олиб бораётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бугун пойтахтдаги йиғинни якунлайди ва эртага қитъа чемпионати саралашида иштирок этиш учун Хобар шаҳрига йўл олади.

Бугун ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари билан учрашди ва терма жамоамизга саралаш баҳсларида омад тилади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

photo_2019-11-03_14-55-41_1

- 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати-2020 финал босқичи келаси йили юртимизда бўлиб ўтади. Лекин аввало ушбу ёш тоифасидаги терма жамоамиз олдида саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказиш вазифаси турибди. Ўзбекистоннинг ҳар бир ёшдаги терма жамоасидан мухлисларимиз юксак натижалар кутишади. Шу боисдан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам саралашдаги ҳар бир учрашувда ишончли ўйин намойиш этиб, халқимизга чиройли ғалабалар тақдим этишини кутамиз. Футболчилар ҳамда мураббийлар штабига олдиндаги мусобақада омад тилаймиз. Ишонамизки, юртимизга ёруғ юз билан қайтасизлар, - дея таъкидлади Равшан Эрматов.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон U-19 терма жамоаси саралашнинг “F” гуруҳидан ўрин олган ва гуруҳда Саудия Арабистони, Ҳиндистон ҳамда Афғонистон терма жамоалари билан баҳс олиб боради. U-19 Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳслари Саудия Арабистонидаги Хобар шаҳрида ўтказилади.

Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Саудияга эртага йўл олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!