Равшан Эрматов Ўзбекистоннинг Осиё Кубоги гуруҳ босқичидаги рақиблари хусусида нималарни айтди?

Кеча Қатар пойтахти Доха шаҳрида Осиё Кубоги мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, миллий терма жамоамиз “В” гуруҳидан жой олди.

Қуръа жараёнини бевосита воқеа жойидан кузатиб борган Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Sports.uz сайтига терма жамоамиз жой олган гуруҳ тўғрисида шундай деди:

“Ўзбекистон Австралия, ва Суриядек жиддий рақиблар гуруҳидан жой олди. Бу ерда Ҳиндистонни ҳам ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Чунки биз биламизки, у ерда ҳам охирги йилларда футбол ривожланиши жуда жадаллик билан амалга ошириляпти.

Қолаверса, Ҳиндистонда хорватиялик кучли мураббий иш олиб бормоқда. Ҳиндистон ҳам кучли жамоалардан бирига айланиб боряпти.

Мусобақадаги биринчи ўйинимиз Сурияга қарши ўтади. Биз биламизки, Сурияни ҳозир Эктор Купер бошқаряпти ва бу ҳам ўзига яраша принципиал характерга эга ўйин бўлади.

Австралия мусобақа фаворитларидан ҳисобланади. Умуман олганда, менда шунақа ҳиссиёт пайдо бўлдики, худди Осиё Кубоги бугундан бошлангандек, бу ҳақида Сречко Катанецга ҳам айтдим. Албатта, бугундан ҳар бир рақибни кучли ва кучсиз томонларини ўрганиш ҳамда ўзига яраша тайёргарликни олиб бориш муҳим.

Биз бу ерда мусобақага тайёргарлик кўришнинг ташкилий ишларини бошлаб юбордик. Мураббийлар штаби билан терма жамоамиз қайси меҳмонхонада яшаши, қайси майдонларда машғулотларни олиб бориши бўйича ўрганишларни олиб боряпмиз. Бу борада ҳам ишлар бошланди", - дейди Равшан Сайфиддинович Sports.uz мухбирига.

    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!