Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи жаҳон чемпионати ўйинларига жиддий тайёрланмоқда

Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига Ўзбекистон биринчи марта бош ҳакам, лайнсменлар, ҳакамлар назоратчиси ва учрашув комиссаридан иборат тўлиқ таркибда ташриф буюраётгани хақида маълумот бериб ўтган эдик.

Айни пайтда Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар гуруҳи Россиядаги ФИФАнинг ҳакамлар учун мўлжалланган махсус базасида бутун дунёдан ташриф буюрган реферилар билан биргаликда Жаҳон чемпионатига сўнгги тайёргарликни бошлаб юборган.

Ҳакамлар ҳам худди футболчилар сингари жисмоний ҳамда руҳий-психологик машқларни бажармоқдалар. Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ҳамда Жаҳонгир Саидовлар барча машғулотларга фаол қатнашиб бўлажак ўйинларга жиддий тайёргарлик кўрмоқдалар.

Равшан Эрматов 2010 ва 2014 йилги Жаҳон чемпионатларида жами 9та ўйинни бошқарган ҳолда, рекорд соҳиби бўлиб турибди. Россиядаги мундиалда ҳам унга учрашувларни бошқариш насиб этса, ўзининг рекордини яқин келажакда дунёдаги бошқа ҳеч қайси ҳакам такрорлай олмайдиган даражада янгилаши мумкин.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёш ҳакамларнинг малакасини ошириш, уларнинг Жаҳон чемпионатлари учрашувларини бошқара олиш даражасига чиқишлари йўлида барча имкониятларни яратиб беришда давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!