Равшан Ҳайдаров: Вазифа ўзгармайди, "Сурхон" юқори ўринлар учун курашиши шарт!

Бугун “Сурхон” клубида янги бош мураббий иш бошлади. Баҳром Ҳайдаров ўз ўрнини бўшатиб берганидан сўнг бу лавозимни ким эгаллаши барчани қизиқтираётганди.

Айтиш лозимки, ушбу масала бўйича бир қатор мутахассисларнинг номзодлари илгари сурилди. Охир-оқибат жамоани бошқариш Равшан Ҳайдаровга ишониб топширилди.

2018 йили Ўзбекистон U-22 терма жамоаси билан Осиё чемпионлигига эришган мутахассиснинг орадан бир мунча вақт ўтиб яна клуб миқёсида бош мураббийликка қайтгани қайсидир маънода чемпионатимиздаги интригани ҳозирги ҳолатидан кўра янада ортишига хизмат қилиши тахмин қилинмоқда.

Ўз ўрнида Ҳайдаровда ҳам яна бир бор мураббийлик салоҳиятини намойиш этиб, ўзини кўрсатишга бўлган иштиёқи юқори эканлигига ишонамиз. Sports.uz мухбири эса Ҳайдаров билан суҳбат уюштирди ва унда “Сурхон”да иш бошлашининг сабаблари, кейинги режалари ва яна бошқа масалалар тўғрисида фикрлар билдирилди.

-  Равшан Акмалович, аввало сизни “Сурхон” клубига бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Жамоа бошқарувини ўз қўлингизга олишингиз қандай юз бергани мухлисларга қизиқ...

-  Албатта, менга “Сурхон” раҳбарияти томонидан таклиф тушди. Бу борада ЎФА раҳбарияти билан ҳам келишишган ҳолда уларнинг рухсати билан бу жараён амалга ошди. Чунки Ўзбекистон U-23 терма жамоасида ҳам ишлаётгандим. Шунга қарамай, энди параллел равишда клубдаги ишимни ҳам давом эттираман. Ўз навбатида мен ҳам бу таклиф устида ўйлаб кўрдим. Чунки ҳозирда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси шаклланиш жараёнида. Шунингдек, бу йил ушбу жамоа учун мусобақалар йўқ. Пандемия сабабли анча режаларимиз ҳам қисқарган. Шу омилларни ўйладим ва ўзимнинг мураббийлик амалиётимни ҳам яна давом эттиришни истадим. Клуб раҳбарияти билан гаплашдик ва жамоани ҳозирги қийин вазиятдан олиб чиқиш бўйича ҳаракатларни амалга оширмоқчимиз. Шу боис улар билан ҳамкорлик қилишга келишдик. “Сурхон”да олдинги ёрдамчиларим – Владимир Андреев ва Шавкат Абдухўжаев мураббийлар штабида фаолият олиб боришяпти. Барчамиз биргаликда “Сурхон”ни юқорига кўтаришга ҳаракат қиламиз. Сурхондарё мухлисларини хурсанд қилишимиз зарур. Умуман айтганда, “Сурхон” ҳозирда аста-секин оёққа тураётган клублардан биттаси. Ўтган йили кучлилар орасида омадли иштирок этишганди. Бу йилги мавсум эса жамоа учун қийин кечмоқда. Бу йўлда жамоани юксалтиришда ёрдамим тегса, бундан хурсанд бўлардим. Бу тажрибали жамоа. Шундай экан, ҳозирги вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз.

-  Чемпионат олдидан “Сурхон” кучли учликка кириш учун курашиши борасида айтилганди. Яқин-яқингача ҳам жамоанинг ўша мақсад сари ҳаракат қилаётгани ҳам мураббийлар томонидан илгари сурилганди. Аммо орада “Сурхон” кетма-кет очколарни йўқотди. Шуни ҳисобга олганда, сизнинг бошчилигингиздаги жамоанинг вазифалари ўзгармайдими ёки...

-  Вазифалар ўзгармаган. Мақсадлар ўтган йилгидек ва ўша натижадан кам бўлмаган ҳолда мавсумда иштирок этиш. Тўғри, анча-мунча очколар йўқотилган. Лекин биз вазиятни ўнглашга астойдил ҳаракат қиламиз, бу аниқ. Йигитлар билан гаплашиб, ҳар бир ўйин муҳим, шиори остида майдонга тушамиз ва ўз вазифамизга максимал даражада ёндашамиз. Шунда натижалар ҳам кузатилаверади. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим.

Равшан Хайдаров2

-  Яъни, “Сурхон” учун эндиликда ҳар бир беллашувни финалга тенглаштирсак бўлади, тўғрими?

-  Очколар кўп йўқотилгани сабабли бундан буёғига ғалабалар қозониб, ўша очколар ўрнини қоплашимиз керак бўлади.

-  Августда трансфер ойнаси очилади. Жамоанинг бугунги таркибидан келиб чиққан ҳолда қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?

-  Албатта, барчаси иш жараёнида кўринади. Мен эса клубда эндигина иш бошладим. Тўғри, жамоадаги кўплаб футболчиларни танисам-да, аммо анчадан бери бирга ишламаган йигитлар ҳам бор. Аввало ички захира режаларини кўриб чиқиш даркор. Барибир ҳозирданоқ таркибда қандайдир ўзгаришларни қилиб бўлмайди. Шу боис ишга киришиб, аввало футболчиларнинг ишга бўлган муносабати, уларнинг характерлари, умуман барча-барчасини ўрганиб чиқаман. Биринчи даврадан кейин таркибда кучайтириши керак бўлган позицияларни аниқлаймиз. Шунга қараб, ўша чизиқларга ўйинчиларни олишга ҳаракат қиламиз. Бу эса асосан иш жараёнида маълум бўладиган ҳолат.

-  Пандемиядан кейин “Сурхон”нинг ўйинини кузатганимизда футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги борасида муаммолар кўзга ташланиб қолди. Жамоа қандайдир оғир ўйнаётгандек кўринди...

-  “Сурхон”нинг охирги икки-учта ўйинларини кўрдим. Жисмоний тарафдан муаммолар яққол кўриниб турибди. Албатта, пандемия анча-мунча клубларга таъсир кўрсатди. Ҳамма ҳар хил тайёргарлик кўрган. Биз эса иш жараёнида жисмоний томондан юзага келган камчиликларни ҳам бартараф этишга уринамиз. Бундан ташқари, жамоанинг ўйин услубини ҳам янада яхшилаш устида иш олиб борамиз.

Равшан Хайдаров3

-  Шу ўринда сурхондарёлик мухлисларга қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

-  Сурхондарё футбол мактаби ўзбек футболига кўплаб ажойиб ўйинчиларни етказиб берган. Мухлислар эса футболни анча соғинишган. Сурхондарёлик ишқибозлар “Сурхон” мисолида яхши, рақобатбардош бўлган севимли жамоасига эга бўлишга ҳақлилар. У ердаги иш билан танишиш асносида вилоятда футболни янада кучайтириш учун яхши ғоя ва режалари борлиги маълум бўлди. Футбол академиялар ва яна бошқа жиҳатлар бўйича ривожланиш учун хоҳиш ва истак юқори. Бундан кейин ҳам Сурхондарё ва “Сурхон” клуби ўзбек футболига ажойиб ўйинчиларни етказиб бериш ҳамда ўз ўрнига муносиб бўлган ҳолда юқори ўринларга чиқишига ишонаман. Бу борада қўлдан келганича тажрибамни ва ҳаракатларимни аямайман. Юқорида айтиб ўтганимдек, маҳаллий ишқибозларнинг кайфиятини кўтариш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Тўғри, ҳозирда футбол мухлисларсиз ўйналяпти. Ўйлайманки, улар телевидение ва ОАВ орқали ўйинларни кўриб боришяпти. Жамоадаги футболчиларга ҳам биз авваламбор мухлислар учун ўйнашимизни ва уларни ғалабаларимиз билан хурсанд қилиш асосий вазифамиз эканлигини яхшилаб тушунтириб борамиз. Бундай жараёнда мен ҳам иштирок этишимдан хурсандман. Жамоанинг мавқеини кўтариш йўлида қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман.

-  Бугунги кундаги Суперлигамизнинг савияси ҳақида нима дея оласиз?

-  Мана шу ҳолатларни ҳис қилиш учун ҳам “Сурхон” клуби билан ишлашга қарор қилдим. Бевосита буни иш жараёнида ўрганиб бораман. Пандемиядан сўнг клублар томонидан кутилмаган натижалар ҳам қайд этиляпти. Чемпионатдаги ўйинлар эса бир текисда кетмаяпти. Лекин умуман олганда, қандайдир хулоса чиқариш учун ўзим бевосита чемпионатда иштирок этган ҳолда ўз хулосаларимни айтаман.

-  Янги жамоангизда сизга омад ва муваффақият тилаб қоламан.

-  Раҳмат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
05/07/2020 09:46
Олдинига Абрамов энди Хайдаров охири бахайир булсинда энди узига ишонганлар 2 тадан клуб киладими олдин 1 ни яхшилаб куйсин илтимос сон эмас сифат булсин пул курисинда пулни деб