“Реал” – “Барса”! Абадий қарама-қаршиликдаги энг ёрқин воқеани ёдга оламиз!

2017 йилнинг майида Лео Месси кийган футболка аукционда 427 минг еврога пулланди. Бунинг алоҳида сабаби бор. Гап шундаки, айнан  ўша либосни Месси “Сантьяго Бернабеу”да рақиб ишқибозлари қаршисида эгнидан ечиб, баланд кўтарган эди. Стадионга йиғилган ишқибозларнинг ҳуштаги қулоқни қоматга келтирганига қарамай, аргентиналик ҳужумчи мағрур уларга тикилиб турган.

Бундай ҳолат 2012 йилнинг апрелида “Камп Ноу”да ҳам содир бўлгани ёдингиздами? Ўшанда Криштиану Роналду киритган голини “cалма, cалма” услубида нишонлаган ва қўли билан трибунадаги мухлисларни “ўзини босиб” олишга чақирган эди. Бу “жест”дан сўнг “Камп Ноу” ҳам оёққа қалқиб кетгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмагани аниқ.

Аслида, “эл-классико”даги ишқибозлар рақибни ҳурмат қилиш борасида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаса керак, аммо бир воқеа бундан мустасно. Сезиб турганингиздек, бугун ўша яқин ўтмишдаги ёрқин вазият атрофида бўлган барчасини ёдга оламиз!

“Реал” президенти уни "тасқара", - деб атаган!

gj4igj4igji43gj

2002 йилдаги ЖЧ Роналдиньони юлдуздан суперюлдузга айлантирган. Шу боис, ПСЖ сафида кўринганини алдаб ўтиш энди “афсунгар”га ҳуш келмай қўйди ва футбол оламини забт этишга қарор қилади. Унда танлаш учун яхшигина вариантлар бўлгани рост. “Манчестер Юнайтед”, “Бавария”, “Реал” ва “Барселона”! Қизиғи шундаки, “Реал” Мадрид президенти Флорентино Перес “Рони”ни Бекхэм билан шартнома имзолашнинг иложи бўлмаса, харид қилишни режалаштиради. Сэр Алекс Фергюсон эса “Бекс” Мадридга кўчиб ўтса, унинг ярим ҳимоядаги ўрнини айнан Роналдиньо билан тўлдиришга қарор қилади. Қаҳрамонимизнинг ўзи эса “Барса”га талпинади. Сабаби, у бу жамоа сафида тўп тепган яна бир “Р” бўлишни истади. Ундан аввал Ромарио, Ривалдо ва Роналдо “Камп Ноу”ни ёндириб ташлагани кўз олдидан кетмаган эди.

Шунга қарамай, “Барса” ва “Реал” таркибни кучайтириш учун биринчи нишон сифатида Девид Бекхэмни кўради. Иккиси ҳам агар “МЮ” аъзоси билан шартнома имзоланмаса, алтернатив вариант сифатида ПСЖга боғланишга қарор қилади. Бу пайтга келиб, “El Pasio” нашрида футбол ишқибозларини ҳайратга солган Флорентино Переснинг сўзлари пайдо бўлади. Унда “Реал” раҳбари нега Роналдиньони иккинчи вариант сифатида кўраётгани сабаби айтилган:

“Роналдиньо тасқара! Уни сотиб олишдан ҳеч қандай наф йўқ. У бизнинг брендга тўғри келмайди. Сиз Дэвид Бекхэм ва уни солиштириб кўринг! Биргина “Бекс” билан биз бутун Осиёни забт этишимиз аниқ”.

Ўзи ҳақида бундай сўзларни эшитгач, қаҳрамонимиз Испаниядан воз кечиб, “Олд Траффорд” томонларга аразлаб кетиб қолади. Барчаси ҳал бўлган бир пайтда Сандро Росселнинг қўнғироғи “Камп Ноу” учун Роналдиньога эшикларни очиб беради. “Рони” 2003/04 йилги мавсумдаёқ 15 та гол уриб, мухлислар меҳрини қозонди. Илк мавсумда “кумуш”, иккинчиси узоқ кутилган Ла Лига олтин медалларига “Барса” сўзсиз эга чиқишида “афсунгар”нинг ҳизматлари улкан.

Асрга татигулик кун!

beks

Бу пайтга келиб, “Реал”нинг ишлари анча ортга кетишни бошлади. Перес ўзи истаган “галактикос”ни қурди, бироқ уни бошқаришга лаёқатли мураббий топишни уддалай олмади. Зидан, Фигу, Роналдо, Карлос, Бекхэмларга бирданига мос келадиган схемани яратиш ўша даврда инсон боласининг қўлидан келмасди ҳам аслида. 2005/06 йилги мавсум стартини “Реал” жуда ёмон бошлади. Вандерлей Лушембург қанча истамасин, прессингга суянган футболни қура олмади. Мураббийнинг кетиш-қолиш масаласи “Сантьяго Бернабеу”даги ўйинда ҳал бўлиши аниқ бўлгач, вазият янада кескинлашди.

 “Реал” Франк Райкарднинг комбинацион жамоасига қарши ҳеч нарса қила олмай қолди. Майдонда “Барса” учиб юрар, “қаймоқранглилар” фақат қўполликлар билангина жавоб беришга тиришар эди. Шу тариқа, рақибни қўрқитишга ҳаракат қилган “Реал” “уйқудаги махлуқ” - Роналдиньони уйғотиб юборади. "Рони" кетма-кет икки бор сайёрамизнинг энг қиммат футболчиларидан ташкил топган “Реал” дарвозасини бир ўзи ишғол этди. Айниқса, иккинчи голдан кейин “Бернабеу”даги ишқибозлар ҳам ўрнидан туриб бразилиялик афсонага қарсак чалди. “Нима бўляпти? Бунга ишониш қийин!”, - деганча Роналдиньонинг  олдига келган Самуэль Это'ога “Рони” шунчаки жилмайиб жавоб беради.

g4g4ig4ji3g

Ўша оқшом “Барселона” 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан Каталонияга қайтди. Бутун дунё эътибори қаратилган баҳсдаги “бенефиси” Роналдиньони 2 ҳафтадан кейин “Олтин тўп”ни қўлга киритишига импульс бергани рост. Аслида, ким "тасқара" эканлигини бразилиялик “афсунгар” амалда кўрсатди. У ҳеч ким билан жанжал қилгани йўқ, интервьюларда нолимади. Шунчаки, ўз вақтини кутди ва “эл-класико”да ҳаммасини амалда исботлади!

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!