"Реал" - "Барселона" учрашувида имкониятлар қандай? - Мурод Ризаев "эл-класико" олдидан ўз тахминларини билдирди
Океанортида янги мавсумга тайёргарлик кўраётган Испаниянинг икки гранди – “Реал” ва “Барселона” бугун, 24 июль тонгида ўзаро ўртоқлик баҳсида майдонга тушади.
Бу сафарги “эл-класико” Тошкент вақти билан соат 08:00да бошланади. Учрашув олдидан "Спорт" телеканали шарҳловчиси Мурод Ризаев SPORTS.uz нашрига ўз фикрларини билдирди.
- "Эл-класико" яқин дўстлар! Гарчи баҳс Америка диёрида бўлиб ўтса-да, гарчи ўртоқлик учрашуви мақомига эга бўлса-да, гарчи янгилар ушбу ўйинда синовдан ўтказилса-да, гарчи қаердадир ўйин вақти 8.00га тўғри келса-да бу барибир "эл-класико". Дунё иккига бўлинаверади. Маълумотларга қарайдиган бўлсам, бу расмий юбилей 250-чи "эл-класико" бўларкан. Ҳозиргача 249 ўйинда роппа-роса 100та ғалаба "Реал"да, 97та ғалаба "Барселона"да. 52та учрашув дуранг натижа билан якунланган. Эсингизда бўлса 100-чи ғалабани "Реал" жамоаси Испания Суперкубоги ярим финалида қўлга киритган эди. Асосий вақтда 2:2. Экстра таймда Вальверденинг голи мадридликларга ғалаба келтирган эди 3:2. Лекин охирги класикода "Реал" Бенземасиз 0:4 ҳисобида ютқазган бўлса-да, кейинчалик бутун дунёни яна ҳайрон қолдира олди. Ла Лига, Кубок, Суперкубок, ЕЧЛ хуллас турли хил мусобақаларда бўлиб ўтган қарама-қаршиликдаги ўзаро ўйинларда "Реал"да устунлик бор. Фақатгина ўртоқлик ўйинлардаги "эл-класико"ларда "Барса" анча олдинда. 32та ўйин 18та ғалаба 10та дуранг.
Демак, "Реал" 4 та ўйинда ғалаба қозонган. Бу сафарги тўқнашув ҳам ўртоқлик мақомига эга. Иккала жамоада ҳам жиддий ўзгаришлар бўлди. Бирига Роберт Левандовски, Андреас Кристенсен, Франк Кессье ва Рафинья қўшилган бўлса, яна бирига Антонио Рюдигер ва Орельен Чуамени келди. Бу ўйинга мураббийлар барибир янгиларни туширишса керак. Шу боис, учрашув ўртоқлик мақомига эга ҳам жанг "қурбон"сиз бўлмаслиги аниқ. Чунки Роберт вақт ўтаётганлигини ҳис қиляпти. Янги жамоада ҳам гол ура олишини исботлаши керак. Адама Траоре кетгандан кейин Усмонни ҳам иши юришиб қолса ажаб эмас. Фати ҳам катта бола бўлиб қолди. Педри мушакларини анча яхшилаб олган. Бензема ҳам "Олтин тўп"ни олишдан олдин гол уриб туриши керак. "Виннипух" билан Родриго бу мавсум янада фаол бўлишга ҳаракат қилишади. Ҳа айтмоқчи Азар уйғоняптику... Ҳар ҳолда унинг ўзи катта ваъдалар беряпти. Машғулотларда анча фаол.
Ўйин натижасини тахмин қилиш жудаям қийин. Мураббийларнинг бу ўйинга қандай ёндошишларига ва қарашларига кўп нарса боғлиқ. Хуллас бу сафар ҳам ажойиб класико бўлади, деб умид қиламан. Ҳа айтмоқчи "Барса"да 20-чидаёқ тонгда "Интер Майами" билан ўйинда янгиларни "кўриб олиш" имконияти бўлади, - деди Мурод Ризаев.
Фикрлар