
“Реал”: Бу юлдузнинг кетишига йўл қўймаймиз!
“Реал” раҳбарияти одатда ёши 30 дан ўтган футболчиларга янги шартнома бермайди. Фақат энг зўрларига бир йиллик битим таклиф қилиши мумкин. Буни Лука Модрич мисолида кўришимиз мумкин.
Бироқ мадридликлар ҳимоя чизиғи етакчиси Антонио Рюдигер масаласида клуб хўжайинлари бошқача қарорга келди.
32 ёшли немис футболчининг клуб билан ҳамкорлиги 2026 йилнинг ёзигача давом этиши белгиланган. “Қироллик клуби” бу муддатни яна икки мавсумга узайтириб, Рюдигерни 2028 йилнинг ярмигача Мадридда олиб қолмоқчи.
Таниқли журналист Флориан Плеттенберг берган маълумотга кўра, Антонио Рюдигер бу таклифдан кейин Саудия Арабистонига кетиш фикридан қайтиши мумкин.
Тажрибали ҳимоячи “Реал”га 2022 йили ёзда келган. Шундан бери барча турнирларда 145 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари еттита гол ва иккита ассист муаллифи бўлди. Рюдигер “Реал” билан Испания чемпионати ва Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди.
Comments