
“Реал” муаммоларни ҳал қиладиган ўйинчини “Сити”дан топди!
“Реал”нинг Ла Лигада пешқадамликни “Барселона”га бой бергани, Европа Чемпионлар лигасини анча эрта тарк этгани кўп жиҳатдан таркибдаги муаммоларга боғлиқ.
Хусусан, Карло Анчелотти ўтган ёзда фаолиятини якунлаган таянч ярим ҳимоячиси Тони Кроосга муносиб ўринбосар топа олмади. Бу позицияда синаб кўрилган ўйинчилар немис футболчисидек самара бермади.
Энди “Қироллик клуби” ёзги трансферлар вақтида майдон марказини назорат қила оладиган ўйинчи олишга ҳаракат қилади. Асосий нишон сифатида “Манчестер Сити” юлдузи Родри танланган.
Cadena Ser нашрининг ёзишича, мадридликлар айни пайтда жароҳатини даволатаётган Родрини идеал вариант сифатида қабул қилмоқда. Улар испаниялик футболчини трансферга кўндириш учун дўсти Даниэль Карвахални ишга солмоқчи.
Агар Родри “Манчестер Сити”ни тарк этишни истамаса, “Реал” мутасаддилари захира вариантига мурожаат қилиб, “Реал Сосьедад”дан Мартин Субимендини олишга уриниб кўради.
Фикрлар