"Реал" Родри учун курашга киришади(ми)?

“Манчестер Cити” ярим ҳимоячиси Родрига қизиқиш билдираётган “қироллик клуби”трансфер бозорида фаол ҳаракат бошлаш ниятида.

Маълумотларга кўра, инглиз клуби ўзининг асосий футболчиларидан бирини сотишга тайёр, бироқ бунинг учун катта миқдордаги трансфер пули талаб қилинади. “Шаҳарликлар” Родрини қўйиб юбориш учун салмоқли таклиф кутмоқда.

Шу билан бирга, испаниялик ярим ҳимоячининг амалдаги шартномаси келаси мавсум охирида якунига етади. Бу эса, “қаймоқранглилар”га музокараларда қулай имконият яратиши ва трансфер нархини пасайтириш имконини бериши мумкин.

Агар томонлар келишувга эришса, бу ёзги трансфер ойнасининг энг шов-шувли битимларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Мадрид клуби таянчда ўйинни назорат қила оладиган футболчини изламоқда. Бунга сабаб — жамоа афсоналари Тони Кроос ва Лука Модричнинг кетиши. Ушбу машҳур тандем клубнинг бир нечта Чемпионлар лигаси ғалабаларида ҳал қилувчи роль ўйнаган эди. “Реал” уларнинг ўрнини босадиган муносиб футболчини топишга уриниб кўрди, бироқ ҳозирча бу борада муваффақият қозона олмади.

Аввалроқ, “Арсенал” жамоаси аъзоси Мартин Субименди узоқ вақт давомида мадридликларнинг асосий нишони бўлиб келганди. Ўтган ёзда футболчи “Реал Соcьедад” сафида тўп сураётган пайтда у айниқса, Хаби Алонсо томонидан юқори баҳоланган. Бироқ “Бланкос” бу трансфер пойгасида “канонирлар”га имкониятни бой берди.

Марказда тажрибали ўйинчи етишмаётганини ҳис қилган мадридликлар энди эътиборини Родрига қаратди. Испан хавбеки клубнинг ўйин фалсафасига мос тушиши ва мавжуд вариантларга муқобил бўлиши мумкин.

Испаниялик журналист Рамон Алварез де Моннинг хабар беришича, Родри Мадриднинг марказий ярим ҳимояни кучайтириш бўйича биринчи рақамли мақсади сифатида белгиланган. Клуб футболчининг жисмоний ҳолатини Премьер-лига мавсумининг иккинчи ярмида ва Жаҳон чемпионати арафасида диққат билан кузатиб боради, шундан кейингина расмий таклиф билан чиқиши кутилмоқда.

Манбага кўра, “Олтин тўп” совриндори Родрининг трансфер нархи 50 миллион евро (тахминан 43,9 миллион фунт) атрофида баҳоланмоқда. “Шаҳарликлар” 29 ёшли футболчини 2027 йил июнь ойида эркин агент сифатида йўқотиб қўймаслик учун маъқул таклиф тушса, уни сотишга тайёр.

Одилов Миржалол

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!