"Реал" ТВ ҳакамликдан норози: "Бу футбол эмас"
"Реал" клуб телевидениеси "Бетис"га қарши учрашувдан (1:1) кейин ҳакамлик борасида кескин баёнот берди.
Эътибор марказида Рикардо Родригеснинг қўл билан ўйнаган вазияти бўлди. Ушбу эпизодда бош ҳакам Сесар Сото Градо пенальти белгиламади, ВАРда ишлаган Гонсалес Фуэртес ҳам майдон ҳакамини огоҳлантирмади.
"Реал" ТВ эфирида трансляция ёки ВАР тизими орқали тасвирларни кўрсатмаслик орқали манипуляция бўлаётгани таъкидланди.
"Биз бу ҳақда жамоа ютганда ҳам, дуранг ўйнаганда ҳам, ютқазганда ҳам гапирамиз. Гонсалес Фуэртес эпизодни кўрди, аммо Сото Градони чақирмади. Бундай ҳолатларда футбол ҳақида гапириш мумкин эмас", — дейилди эфирда.
Шунингдек, эфир давомида Ла Лига раҳбарияти ва ҳакамлик тизими кескин танқид қилинди.
"Тебас ва Негрейра лигаси 17 мавсум давомида қайси жамоа юқорига чиқиши ёки пастга тушишини белгилаб келмоқда. Манфаатлар тўқнашуви доимий тус олган", — дея иддао қилинди.
Эфирда "Барселона" ҳам тилга олиниб, каталонияликлар сўнгги ўйинда "совға" сифатида пенальти олгани айтилди.
"Ёмон ўйин гуноҳ эмас. Аммо бундай ҳакамлик — гуноҳ", — деди бошловчи.

Фикрлар