Реал учун оғир ҳафта!
Ла Лиганинг биринчи турида "Реал" сафарда "Атлетик"ни 2:0 ҳисобида таслим қилиб, мавсумни ғалаба билан бошлади. Аммо клуб мухлислари учун ёмон хабарлар сўнгги кунда кўпайиб бормоқда. Аввалига, Арда Гюлер жароҳат олган бўлса, эндиликда яна икки асосий футболчилар сафдан чиқди. Шу билан бирга, Мбаппенинг келажаги ҳам аниқ бўлиб бормоқда. Келинг, буларнинг барчасига бирма-бир тўхталиб ўтамиз.
Куртуа
Биламизки, Куртуа сўнгги йилларда "қаймоқранглилар"нинг асосий ғалабаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. У катта ўйинларда катта саҳнага чиқаверганидан, "Реал" иккинчи дарвозабон масаласида бош қотирмай ҳам қўйди. Бироқ машғулотлар пайтида посбон жароҳат олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Маълум бўлишича, у тиззасидан жиддий жароҳат олган ва тез орада операция қилинади. Куртуа шу билан апрель ойигача майдонга туша олмаслиги борасида миш-мишлар бор. Анчелотти эса Лунинни биринчи рақамли дарвозабон бўлишини истамади. Клуб бир қанча вариантларни кўриб чиқди. Кейлор Навас, Яссин Буну, Давид Де Хеа ва Гиорги Мамардашвили каби посбонлар рўйхатни банд қилишди. Якунда эа Кепа Ариссабалага "Реал"нинг янги аъзосига айланиши маълум бўлди. Испан гранди уни ижарага олмоқда (сотиб олиш шарти йўқ). 28 ёшли посбонни "Бавария" ўз таркибига қўшиб олишга яқин келаётганди. Томас Тухель собиқ шогирдини ўз жамоасида кўрмоқчи эди, лекин Германияда Кепага асосий таркиб кафолатланмаганди. Шу сабабли, дарвозабон Мадридни танлади. "Реал" Бунуни ҳам сотиб олиш эҳтимоли бор эди. Уни "Севилья" ижарага эмас, балки сотишни режа қилганди. Бу трансфер "қаймоқранглилар"га 20 миллион еврога тушарди. Шунингдек, Де Хеа ҳам "Реал"га ўзини таклиф қилди.
Милитао
Мавсум бошида айрим нашрлар энди буёғига Милитао ва Алаба асосий таркибда кўпроқ дақиқаларга эга бўлишини маълум қилганди. Энди режалар ўзгариши мумкин. "Атлетик"га қарши баҳсда майдонга ноқулай йиқилган ҳимоячи 6 ойга сафдан чиққани таҳмин қилинятпи. У ҳам тез орада операция қилиниши кутиляпти. Аммо Мадрид клубининг янги ҳимоячи излаётгани ҳақида ҳеч қандай миш-мишлар йўқ. Бу эса Начони ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини англатади. Таркибда эса бошқа фулбек вазифасини бажариб берадиган футболчилар йўқ.
Мбаппе
Ҳар ёзда "Реал" мухлисларини бошида хурсанд қилиб, кейин асабини бузадиган бир хабар бу ёзда ҳам трендда бўлди. Мбаппе тез орада Мадридга кўчиб ўтиши аниқ, деб миш-миш тарқатган нашрлар энди жим бўлиб қолишди. Унинг ўрнига Франциядагилар ҳужумчининг ПСЖда қолишини аниқ қилиб айтишмоқда. Фабрицио Романо ҳам Килиан янги шартнома тузишга қарши эмас, демоқда. Раҳбарият футболчини мавсумолди турнега боришига рухсат бермади, машғулотлардан четлаштирганди, чемпионатнинг биринчи туридан ўрин олган "Лорьян" билан бўлган баҳс учун қайдномадан ҳам жой олмаганди. Аммо бугунга келиб, Мбаппе асосий жамоа билан машғулотлар ўтказмоқда. Шу билан бирга 2025 йилгача амал қиладиган битим имзолаши мумкин экан. "Реал" эса ҳужумчисиз қолиб кетиш ҳавфи бор. Сабаби, клуб 25 ёшли француздан олдин 3 та страйкерга қизиқиш билдирганди. Аммо музокараларни тўхтатиб, Мбаппе билан бўлаётган вазият қандай тугашини кутганди. Килианни айблашга шошилманг. Сабаби, у ҳар доим яна бир йил ПСЖда қолишни истаётганини айтиб келган. Унинг "Реал"га ўтиши яна бир йилга чўзилди.
Фикрлар