“Реал” ярим ҳимояга олтита янги юлдузни танлади
Испаниядаги нуфузли манбалардан Mundo Deportivo нашри Мадриднинг “Реал” клуби марказий ярим ҳимоячи позицияси учун янги номзодларни танлагани ҳақида маълумот чиқарди.
Манбага кўра, “Қироллик клуби” скаутлари майдон марказини кучайтириш учун мураббийлар штабига беш нафар ярим ҳимоячи номзодини тавсия қилган.
“Реал” учун ёзги трансферлар давридаги энг асосий нишон ҳамон “Пари Сен-Жермен” юлдузи Витинья бўлиб турибди. Бироқ Португалия терма жамоаси аъзосини қўлга киритиш жуда қийин масалага айланган.
Шу боис, мадридликлар трансфер нишонлари рўйхатига бошқа ўйинчиларни ҳам киритган. Хусусан, “Олтин тўп” соҳиби Родри (“Манчестер Сити”), жаҳон чемпионлари – Энцо Фернандес (“Челси”) ва Алексис Мак Аллистер (“Ливерпуль”) ҳам “Қироллик клуби” учун муҳим аҳамият касб этади.
“Реал” мутасаддилари захира варианти рўйхатига Адам Уортон (“Кристал Пэлас”) ва Кес Смит (“АЗ Алкмар”) каби иқтидорли ўйинчиларни ҳам киритиб қўйди.
Мадридликлар келаси ёзда мазкур рўйхатдан камида битта футболчини сотиб олишни режалаштирмоқда. Ўз навбатида, ҳозир жамоа таркибида бўлган айрим ярим ҳимоячилари клубни тарк этиши кутилмоқда.
Фикрлар