"Реал"нинг "овозини ўчиришмоқчи"!

"Реал" Мадрид ўйинлар вақтида ўз уй стадиони "Сантьяго Бернабеу"да эълонлар ва мусиқа овозини пасайтирди. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, стадион яқинида яшовчи аҳоли “Эспаньол” билан ўйин (4:1) вақтидаги шовқин-сурондан шикоят қилган. Қайд этиш лозимки, “қироллик клуби” стадионда концертлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишига рухсат олиш ва имкон қадар кам шовқинчиқариш учун “Бернабеу”да овоз ўтказмайдиган конструкцияларни амалга оширмоқда. Шу сабабли 2025 йилнинг баҳорига қадар режалаштирилган барча концертлар қўшниларнинг шовқин бўйича шикоятлари туфайли бекор қилинган эди.

Шунингдек, “Алавес”га қарши ўйин (3:2) олдидан футболчиларнинг чигалёзди машғулотларида стадиондаги мусиқа овози пасайтирилгани маълум қилинган. Ўшанда стадионнинг оммага мурожаат қилиш тизими бўйича эълонлар овози ҳам пастлатилган, бироқ ўйин бошланганидан сўнг суҳандон одатдаги овозда эълон қилган.

Қайд этилишича, "Реал" мухлислари ушбу ўзгаришлардан норози.

"Ҳали шундай вақтлар келадики, голларни жимгина нишонлашга мажбур бўламиз. Улар бу ерни концерт майдони эмас, футбол стадиони эканлигини айтиб нолидилар, энди эса гол нишонлашдан ҳам безовта бўлишмоқда. Охири Флорентино Перес (“Реал” президенти) барча биноларни сотиб олишига тўғри келади шекилли”, — деди клуб мухлислардан бири.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!