Рифат Акрамхўжаев "Локомотив" менежери вазифасига тайинланди
"Локомотив" ПФК раҳбарияти қарорига кўра, Рифат Акрамхўжаев клуб менежери этиб тайинланди. Маълумот учун, Рифат Акрамхўжаев шу пайтгача "Локомотив" болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори лавозимида ишлаб келаётганди.
Эндиликда "Локомотив"нинг ҳам асосий жамоаси, ҳам U19 шунингдек, футзал ва аёллар жамоалари ва футбол мактаби натижаларига Рифат Сайди-Анварович масъул саналади ҳамда менежер вазифасини бажаради.
Маълумот учун, Рифат Акрамхўжаев "Локомотив"даги фаолиятини 2019 йилда бошлаган бўлиб, дастлаб U21 жамоамизда ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб борган. Иккинчи даврада эса шу жамоа бош мураббийи этиб тайинланиб, "Локомотив" ўринбосарларининг U21 чемпионати чемпиони бўлишида муносиб ҳисса қўшди.
2020 йил ушбу мутахассис "Локомотив" U18 жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият олиб борди ва U18 мусобақасида учинчи ўринни қўлга киритди. 2021 йил бошида "Сурхон" футбол клубига йўл олган Рифат Акрамхўжаев 1-июль куни яна "Локомотив"га қайтиб, дастлаб селекционер мураббий, ундан кейин U18 жамоамиз бош мураббийи бўлиб ишлади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, 2022 йил Рифат Акрамхўжаев "Локомотив" футбол мактаби директори сифатида иш олиб борди.
Фикрлар