Роберто Мартинес Ўзбекистон ва Конго ҳақида фикр билдирди
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес 2026 йилги Жаҳон чемпионатида жамоасининг гуруҳдаги рақиблари ҳақида фикр билдирди.
Лиссабон яқинидаги Оейраш шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида испаниялик мутахассис Португалиянинг гуруҳдаги рақибларидан бири бўлган Колумбия ҳақида ҳозирча гапиришни истамади. У асосий эътиборни Конго Демократик Республикаси ва Ўзбекистон терма жамоаларига қаратганини таъкидлади.
"Биз Конго ва Ўзбекистонга қарши ўйинларни жуда ҳурмат қиламиз. Шундан кейингина учинчи учрашувда жуда ҳурматга сазовор терма жамоага қарши қандай ўйнашимиз ҳақида ўйлаймиз", — деди Мартинес.
Мутахассис Конго терма жамоасининг индивидуал маҳоратини алоҳида эътироф этди.
"Жаҳон чемпионатига илк бор йўл олган жамоаларда ўлчаб ҳам, назорат қилиб ҳам бўлмайдиган омил мавжуд. Бу — футболчиларнинг орзуси ва иштиёқи. Улар мундиалда қатнашишни жуда исташади", — деди португалияликлар устози.
Мартинеснинг таъкидлашича, Жаҳон чемпионатида рейтинглар ёки фаворит мақоми катта аҳамият касб этмайди.
"Жаҳон чемпионатида рейтинглар ҳам, фаворитлик ҳақидаги гаплар ҳам аҳамиятини йўқотади. Биз учун мундиалдаги энг муҳим ўйин — биринчи учрашув", — дея қўшимча қилди мураббий.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокини 17 июнь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида Конго Демократик Республикасига қарши баҳс билан бошлайди. Шундан сўнг улар Ўзбекистонга қарши майдонга тушади, гуруҳ босқичини эса 28 июнь куни Майамида Колумбияга қарши ўйин билан якунлайди.

Фикрлар