“Рома” “Вулверхэмтон”нинг Шомуродов борасидаги таклифига жавоб қайтарди

“Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг кейинги манзили Англия Премьер лигаси бўлиши мумкин. Боиси, кеча таниқли “Il Messaggero” нашри Ўзбекистон терма жамоаси сардорига “Вулверхэмтон” қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берди.

Британиянинг “sportwitness.co.uk” нашри эса бу маълумотни тасдиқлади ва инглиз клуби Шомуродов борасида музокара олиб боришга ҳаракат қилаётгани борасида маълумот берди.

Манбада айтилишича, Моуриньо Элдорга чиқиш эшигини кўрсатиб қўйган. “Вулверхэмтон” эса вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи ҳамда 27 ёшли форвардни ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор. Таъкидланишча, “бўрилар” Рим клуби билан боғланиб, Шомуродовнинг нархига ва келишув қандай тартибда амалга оширилиши борасида музокара олиб борган.

“Рома” спорт директори Тиагу Пинту АПЛ клубига ҳужумчининг ижараси борасидаги таклифларни кўриб чиқмасликка ва тўлиқ трансфер бўлса, музокара столига ўтиришини маълум қилган. Чунки Элдор ижара асосида бошқа клубга ўтса, маълум вақтдан кейин шартномадаги баъзи бандлар ишга тушиши мумкин. “Рома” эса айнан шу нарсадан чўчимоқда.

Маълумот ўрнида, Шомуродов ўтган мавсум римликларнинг А серия доирасидаги 28 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 гол ёздириб қўйишни уддалаган. Унинг “Рома” билан шартномаси 2026 йилгача амал қилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!