“Рома” юлдузини Англияга кетишга буюрган Моуриньо энди фақат Шомуродовга суянади!
Жозе Моуриньонинг “Рома”даги ишлари ўзи истаганча кетмаяпти. Мавсум якунида кучли тўртликка кириш вазифасини олган римликлар ўз мақсадларидан тобора узоқлашиб бормоқда. Хусусан, “Болонья”га ютқазилган учрашувдан кейин Жозе Моуриньо “Интер” билан бўлажак муҳим учрашув олдидан жиддий кадрлар муаммосига дуч келди.
4 декабрь куни “Рома” ўз аренасида тўғридан тўғри рақобатчиси “Интер”ни қабул қилади. Рақиб жуда кучли. Жозе Моуриньо жамоа ғалабасини таъминлашда асосий куч бўлган ҳужумкор футболчиларининг аксариятидан фойдалана олмайди.
Биринчи навбатда, жамоа етакчиси ва сардори Лоренцо Пеллегрини жароҳатидан қутилгани йўқ. Марказий ҳужумчи Тэмми Абрахам Болоньядаги баҳсда бўлар-бўлмасга ҳакам билан тортишавериб огоҳлантириш олди ва сариқ карточкалари тўпланиб қолгани эвазига “Интер”га қарши ўйинни ўтказиб юборади.
Ўзини кўрсата бошлаган ва иккита гол учун устозидан махсус совға олган ганалик форвард Феликс Афена-Гьян коронавирусга чалинган.
Жамоа моторига айланиб қолган ҳужумкор ўйинчи Стефан Эл-Шаарави “Болонья”га қарши ўйиннинг иккинчи бўлими бошида жароҳат олиб, ўрнини Элдор Шомуродовга бўшатиб берди. Энг ёмони, кейинчалик чуқурлаштирилган тиббий текширув Эл-Шааравининг узоқ муддатга сафдан чиққанини кўрсатди.
Моуриньо ишонган марказий ҳужумчи сифатида фақатгина Элдор Шомуродов қолди. “Интер”га қарши бўладиган баҳсда португалиялик мутахассис ўзбек йигитига суянади. Бошқа вариант йўқ. Борха Майораль ва Карлес Переснинг марказий ҳужумдаги имкониятлари Элдорникидан анча паст баҳоланмоқда. Бу катта эҳтимол билан бошланғич таркибда легионеримиз майдонга тушишини англатади.
Гол уришни яхши биладиган яна бир ўйинчи – Генрих Мхитарян олдинги чизиққа қўйилмайди. Моуриньо унга янги вазифа – плеймейкерликни юклаган. Арманистонлик ярим ҳимоячи майдон марказида бор маҳоратини кўрсатиб, Шомуродовга тўп етказиб бериши керак бўлади.
“Рома” ўйинларида яна бир муҳим фигура Никола Дзаньоло ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга қараганда, Жозе Моуриньо Рим клубининг энг иқтидорли тарбияланувчисини Англияга кетишини маслаҳат бермоқда. Дзаньолага А Серияда рақиблар аёвсиз муносабатда бўляпти. Ҳакамлар ҳам. Ёш футболчи шунчалар кўп зарба қабул қилиб оляптики, жароҳатланишдан қўрқиб қолгани унинг ўйинига салбий таъсир қила бошлади.
- Дзаньолонинг ўрнида бўлганимда, А Серияда қолиш хавфли эканини тан олган ҳолда кетиш ҳақида ўйлаган бўлардим. Унга нисбатан қўпол муносабатда бўлишаётганидан Николога раҳмим келяпти ва унга хорижга кетишни маслаҳам бераман. Бу ўз фойдамга қарши бўлса ҳам, - деди Моуриньо.
Манбаларнинг маълум қилишича, Дзаньолони Антонио Конте “Тоттенхэм”га таклиф қиляпти. Шунингдек, “Ньюкасл” ҳам италиялик иқтидор эгасини ўз сафига қўшиб олиш орзусини яширмаяпти.
Дзаньолонинг ўзи фаолиятини оила аъзолари ва Моуриньо билан муҳокама қилишга ҳам улгурди. Айтишларича, ўйин давомида индивидуал техникасидан кўп фойдаланадиган футболчига рақиблар кўп бора қўполлик ишлатяпти ва у иккита оғир жароҳатдан кейин яна сафдан чиқиб қолишдан қўрқяпти. Қолаверса, А Серия ҳакамлари Дзаньолони симулянт сифатида қабул қилмоқда ва кўп огоҳлантириш беряпти. “Болонья” билан бўлган ўйинда ҳам рақиб жарима майдончаси ичида йиқилганида унга сариқ карточка кўрсатилди.
Юқоридаги икки жамоадан ташқари “Манчестер Юнайтед” ва “Ювентус” Дзаньолонинг ўйинларига беэътибор эмас. Рим клуби бу футболчини 40 миллион еврога сотиб юбориши мумкин.
Моуриньонинг муаммолари бу билан тугамайди. “Интер”га қарши ўйинда Жозе сариқ карточкалари кўпайиб кетган Рик Карсдорп, ярим йилдан ортиқ лазаретда қоладиган Леонардо Спинацолла, ковидга чалинган Гонсало Вильяр каби ўйинчилар хизматидан ҳам фойдалана олмайди.
Фикрлар