“Рома”нинг Шомуродов бўйича яна фикри ўзгарди. Элдорга оид сўнгги маълумот!

“Рома” машҳур мураббий Клаудио Раньерини бош мураббийликка тайинлади. Энди жамоада ўзгаришлар бўлиши табиий.

Римлик мутахассис жамоа билан машғулотларни бошлаб юборди. Ҳозирча, уларда фақат Римда қолган ўйинчилар қатнашмоқда. Турли мамлакатлар терма жамоалари вакиллари ҳали ортга қайтгани йўқ. Фақатгина Элдор Шомуродов клуб ихтиёрига қайтиб борди.

“Рома” фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти клубдаги ҳозирги вазият, хусусан, Элдор Шомуродов бўйича охирги маълумотларни тақдим этди.

- “Рома” раҳбарияти Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидан жароҳат билан қайтган Элдор Шомуродовни зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказишга буйруқ берганди. Ўзбек футболчиси керакли текширувлардан ўтказилди, чап оёқ сон қисми мушаклари шикастлангани тасдиқланди. Бу жароҳат туфайли Элдор 20 кун атрофида майдонга тушолмайди.

Бу вақт мобайнида ўзбекистонлик легионер А Серияда “Наполи” ва “Аталанта”, Европа лигасида “Тоттенхэм” билан бўладиган ўйинларни ўтказиб юборади.

Борган сари “Рома” Элдор Шомуродов билан хайрлашиш эҳтимоли ошиб бормоқда. 2021 йили “Женоа”дан 17,5 миллион еврога трансфер қилинган ҳужумчи кейинги трансфер ойнаси очилиши билан пойтахтни тарк этиши мумкин.

Ҳозир унинг олдида иккита вариант турибди. Биринчиси, ўтган йили “Кальяри”га ўтганидек ижарага кетишдан иборат. Иккинчиси эса, клуб уни тўлиқ бошқа клубга сотиб юборишни ҳам режалаштирган.

Янги бош мураббий Клаудио Раньери “Рома” ҳужум чизиғини ташкил қилишда тажрибали Пауло Дибалага таянмоқчи, - деб ёзди romaforever.it сайтиэксперти Франческа Ди Нора.

Таъкидлаш жоизки, аслида Элдор Шомуродов Римни ўтган ёз тарк этиши кутилганди. АҚШ чемпионати вакили “Атланта Юнайтед” римликлар билан музокара олиб борди. Томонлар келишувга эришгунича МЛСда трансфер ойнаси ёпилди ва Шомуродов трансфери барбод бўлди.

Шунга қарамай, А Серия клублари орасида ҳам бир неча клублар ўзбек ҳужумчисини қўлга киритишга уриниб кўрди. “Рома”нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Даниэль де Росси ўзбек легионерининг машғулотлардаги ҳаракати ва “Эмполи”га қарши учрашувдаги қаҳрамонлигини инобатга олиб, Элдор Шомуродовни жамоада қолдиришга қарор қилди.

Бунинг ортидан пойтахт клуби Элдор Шомуродовга ҳамкорликни яна бир йилга узайтириб, 2027 йилгача давом этадиган янги шартнома бериши ҳақида ҳам ахборотлар тарқатилди.

Сўнгги икки ой ичида “Рома”да юз берган жиддий ўзгаришлар айрим ўйинчиларнинг келажагига таъсир ўтказмай қолмайди. Хусусан, икки ой жамоани бошқарган Иван Юрич аввалги бош мураббий жамоага сингдирмоқчи бўлган Элдор Шомуродов, Матс Хуммельс, Матиас Суле каби ўйинчиларга етарлича эътибор қаратмади.

Энди жамоани мавсум охирига қадар Клаудио Раньери бошқаради. Элдор Шомуродов масаласида ҳам кўп нарса 73 ёшли мутахассиснинг қарорларига боғлиқ бўлади. Раньери эса, легионеримизнинг имкониятлари яхши билади. Улар ўтган мавсум ўзаро ҳамкорликда “Кальяри”ни юқори дивизионда сақлаб қолган эди...

Файзуллаевга Туркия, Нидерландия, Португалиядан қизиқиш бор. Аббос қаерга ўтгани маъқул?

“Рома” Шомуродовни тиббий кўрикдан ўтказди, натижа эса...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!