“Рома” Шомуродовни тиббий кўрикдан ўтказди, натижа эса...

“Рома”ни қабул қилиб олган Клаудио Раньери олдинги чизиқда кутилмаган муаммоларга дуч кела бошлади. Мавсум бошидан римликларнинг ҳужумида ўйинчи етишмаслиги масаласи ҳал этилмаган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, куни кеча 31 ёшга тўлган Пауло Дибала мушак билан боғлиқ муаммолар туфайли ҳали машғулотларни бошлагани йўқ. Клаудио Раньери аргентиналик жаҳон чемпионини жамоа ҳужумларининг асосий фигурасига айлантиришни режа қилаётган эди.

“Рома”даги вазият бўйича бир неча манбалар сўнгги маълумотларни тарқатмоқда.

SPORTS.UZ портали Рим клуби лагеридан олинаётган маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

ЛОРЕНЦО САССИ, SIAMOLAROMA.IT портали эксперти:

Пауло Дибала мушакларидаги оғриқ туфайли жамоанинг охирги икки ўйинини ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. У ҳали машғулотларга киришгани йўқ. Клубнинг техник ва тиббий бўлимлари ходимлари аргентиналик юлдузни 24 нрябрт куни “Наполи” билан бўладиган муҳим ўйингача оёққа турғазишга ҳаракат қилмоқда.

Яна бир йўқотиш Элдор Шомуродов билан боғлиқ. Қатар ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг ўзаро учрашувида жароат олган ҳужумчи Римга қайтиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик легионер уч ҳафта атрофида майдонга туша олмайди.

LAROMA24.IT:

“Рома” Элдор Шомуродовнинг аҳволидан хавотирда. Марказий ҳужумчи Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашувни 21-дақиқадаёқ тарк этишга мажбур бўлди. Захира ўриндиғида ўтириб, “Рома” ҳужумчиси юзини  либоси билан ёпиб олди ва аламли кўз ёш тўкди.

Ўзбекистон футбол федерацияси Элдор 19 ноябрга белгиланган Шимолий Кореяга қарши учрашувда иштирок эта олмаслигини билдириб, уни Римга қайтариб юборди ва тезроқ тузалиб, яна майдонга қайтиши тилади.

CALCIOMERCATO.COM:

“Рома” ихтиёрига етиб келган Элдор Шомуродов тиббий текширувдан ўтказилди ва унга ташхис қўйилди. Шомуродовнинг чап оёқ сон мушаклари шикастланган ва ҳужумчи икки ҳафтадан кўпроқ вақт мобайнида даволанишига тўғри келади.

Элдор Шомуродов “Наполи”, “Тоттенхэм” ва “Аталанта”га қарши учрашувларни ўтказиб юборадиган бўлди.

Марказий ҳужумчи 7 декабрга белгиланган “Лечче” билан бўладиган беллашувда майдонга тушишига умид қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда Элдор Шомуродов “Рома” сафида А Серия ва Европа лигасида жами ўнта ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига биттадан гол ва ассист расмийлаштирди.

“Ҳусанов топ-клубда ўйнайди!”

Файзуллаевга Туркия, Нидерландия, Португалиядан қизиқиш бор. Аббос қаерга ўтгани маъқул?

“Моуриньо эффекти” ва Шомуродовга мос топ-лигалар айтилди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!