Роналду ҳалигача юқори формада. Зидан, Бекхэм ва Роналдиньолар 35 ёшида нима қилишган?
Роналду ҳалигача юқори формада. Зидан, Бекхэм ва Роналдиньолар 35 ёшида нима қилишган?
Криштиану Роналду кеча 35 ёшни қарши олди. Бу ёшигача Роналду жуда кўплаб совринларга эришди ва футбол тарихига ўз исмини ўчмас қилиб ёздириб қўйди. Бу ҳали якун эмас. Криштиану ҳали ҳам юқори формасини ушлаб турибди ва ҳали анча йиллар шоҳсупани ҳеч кимга бермаслиги мумкин. Кўплаб футболчилар бу ёшда бутсасини михга илишган.
Зинедин Зидан
2007 йил 23 июнда 35 ёшни қарши олган.
Зидан 2006 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин фаолиятини якунлаган эди. Ўшанда Зизу 34 ёшда бўлган. Футбол билан хайрлашган Зидан баъзида мини-футбол ўйнаб турган, реклама роликларида қатнашган, мураббийлик курсларига қатнаган.
35 ёшигача Зизу: Италия чемпиони (2), Италия суперкубоги, УЕФА суперкубоги (2), Интертото Кубоги, Испания чемпиони, Испания суперкубоги (2), Жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Францияда йил футболчиси (2) каби совринларни қўлга киритган. Ундан ташқари 1998 йилда “Олтин тўп” ҳам Зиданга насиб этган.
Девид Бекхем
2010 йил 2 майда 35 ёшни қарши олган.
2010 йилнинг бошларида Бекхэм “Милан” сафига келиб қўшилган. А серияда мавсум якунига қадар ҳам тўп сура олмаган. “Кьево”га қарши ўйинда жароҳат олган Девид 2010 йилги Жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборишга мажбур бўлган. Сентабр ойида майдонга қайтган Бекс “ЛА Гелекси” билан бирга МЛС чемпионига айланди.
Ўша вақтларда Бекхем ҳисобида 6 та АПЛ чемпионлиги, 2 та Англия Кубоги ва Суперкубоги, Чемпионлар лигаси ғолиблиги, Испания чемпионлиги ва Испания Кубоги, бир қанча шахсий совринлар мавжуд эди.
Роналдо
2011 йил 22 сентабрда 35 ёшни қарши олган.
2011 йил феврал ойида Роналдо фаолиятини якунлаган эди. Бутсасини михга илгач, Роналдо шахсий агентлигини очади ва ёш иқтидорларни излаш билан шуғулланишни бошлайди. Унинг биринчи мижози Неймар эди.
35 ёшигача Роналдо: Жаҳон чемпиони (х2), Америка Кубоги (2), Олимпия ўйинлари чемпионлиги, УЕФА Кубоги, Нидерландия Кубоги, Испания чемпиони (2), УЕФА суперкубоги, Испания суперкубоги, Бразилия Кубоги каби совринларни қўлга киритган. Бразилиялик афсона 2 марта “Олтин тўп” соҳибига айланган.
Андрей Шевченко
2011 йил 29 сентабрда 35 ёшни қарши олган.
Шевченконинг охирги жамоаси Киевнинг “Динамо”си эди. 2012 йил 27 июлда фаолиятини якунлаган Андрей сиёсат билан шуғулланишга қарор қилди. “Олға, Украина!” партиясига аъзо бўлди ва парламент сайловларида қатнаша бошлади. Аммо сиёсатда унинг иши юришмади. Депутатликка сайлана олмаган Шевченко футболга қайтди ва мураббийлик курсларига қатнай бошлади.
35 ёшигача Андрей 5 марта Украина чемпиони, 3 марта Украина Кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланган эди. “Милан”даги фаолияти давомида Италия чемпионлиги, Италия Кубоги, Чемпионлар лигаси ва УЕФА суперкубогини қўлга киритишга муваффақ бўлган. “Челси” билан эса Англия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. 2004 йилда Шевченко “Олтин тўп” соҳибига айланган.
Роналдиньо
2015 йил 21 мартда 35 ёшни қарши олган.
2015 йил июл ойида Роналдиньо “Флуминенсе” жамоасига ўтган эди. Жамоа футболчининг машҳурлигидан фойдаланиб, маркетинг соҳасида ривожланишга эришмоқчи эди. Мухлислар оқимини ҳам оширишни мақсад қилган “Флуминенсе”нинг ўйлаганлари ҳам амалга ошмади. Ҳужумчи жуда ёмон ўйин кўрсатар, машғулотларда кам қатнашар, жамоадошлари билан мулоқот қилмас, доимий кофе ичар ва чекишни канда қилмас эди. Бу эса раҳбариятни жаҳлини чиқарди. Бразилия нашрлари футболчи аллақачон фаолиятини якунлашга қарор қилгани ҳақида ёзар эди. Шундан сўнг, Роналдиньо жамоани тарк этди ва ҳеч қайси жамоада тўп сурмади. 2018 йилда расман фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
35 ёшигача Роналдиньо: Испания чемпионлиги (2), Испания суперкубоги (2), Чемпионлар лигаси, Италия чемпионлиги, Рио-де-Жанейро штати чемпионлиги, Либертадорес Кубоги, Рио Кубоги, Гуанабара Кубоги, Мексика Кубоги, Америка Кубоги, Жаҳон чемпионлиги, Конфедерациялар Кубоги каби совринларни қўлга киритган эди. 2005 йилда Бразилиялик афсона “Олтин тўп”ни қўлга киритган.
Кака
2017 йил 22 апрелда 35 ёшни қарши олган.
35 ёшида Кака “Орландо Сити” таркибида тўп сурар эди. Ўйиндан ўйинга унинг майдонга тушиши оғриқли бўлиб борарди. Бутун фаолияти давомида орттирган жароҳатлари унга майдонда бемалол ҳаракат қилишига тўсқинлик қилар эди. Ўша мавсум сўнгида эса фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Футболдаги 16 йиллик фаолияти давомида Кака Жаҳон чемпиони, 2 марта Конфедерациялар Кубоги, Италия ва Испания чемпиони, Чемпионлар лигаси ғолиби, Испания ва Италия Кубоги соҳиби бўлишга эришган.
Фикрлар