Роналду суперрекорд соҳиби ёхуд Месси энди нима қилади?
Ads
"Реал" етакчиси Криштиану Роналду клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида “Кашима Антлерс” жамоаси дарвозасига учта тўп киритиб, Мадрид клуби таркибида энг кўп гол уриш бўйича ўз рекордини янгилади.
 
Айни пайтда Роналдунинг "Реал" таркибида киритган голлари сони 378 тани ташкил этмоқда ва яқин ўн йиллар ичида бу рекорд янгиланмаслиги аниқ. Қолаверса, Криштиану хали яна беш йил "Реал" таркибида тўп суради ва бу кўрсаткич мунтазам янгиланиб бораверади.
 
Тўпурарлар баҳсида Роналдудан кейинги ўринларни эгаллаб турган футболчиларнинг аксарияти фаолиятини якунлаб бўлган. Хусусан, иккинчи поғонада жой олган Рауль ҳисобида 323 та, учинчи ўринда қайд этилган Альфредо ди Стефанода эса 307 та гол бор. Шунингдек, қолган тўпурарлар -  Ференц Пушкаш 242, Уго Санчес 208, Франсиско Хенто 179, Пирри ва Эмилио Бутрагеньо ҳисобида  171 тадан гол бор.
 
Айни пайтда тўпурарлар рўхатидаги мавқеини фақатгина Карим Бензема яхшилаб олиши мумкин. Франциялик ҳужумчининг “Кашима Антлерс” дарвозасига киритган тўпи "Реал" сафидаги 171-гол сифатида қайд этилди ва Бензема кучли ўнликда бормоқда.
 
Бундан ташқари, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида киритилган учта гол Криштиану Роналдуни халқаро мусобақаларда энг кўп гол урган футболчига айлантирди. Роналду бу кўрсаткич бўйича голларини сонини 103 тага етказиб олди. Аввалги рекорд  "Барселона"  етакчиси Лионель Мессига тегишли бўлиб, аргентиналик суперфутболчи халқаро турнирларда жами 101 та гол урган эди.
 
Демак буёғига тўпурарлик бўйича Криштиану Роналду ва Лионель Месси рақобати янада қизғин тус олади.