Роналду: Талабларим бажарилмаса, Саудиядан кетаман!

Криштиану Роналду Профессионал лига ва ўзи ўйнаётган “Ан-Наср”даги вазиятдан жуда қаттиқ норозилигини билдирди ва Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси раҳбариятига ультиматум қўйди.

Бу ҳақда MBC хабар бермоқда.

Манба маълумотларига кўра, португалиялик футболчи клубнинг трансфер сиёсатидаги ҳолатдан кўнгли қолган ва амалдорлар қасддан “Ан-Наср”ни кучайтирмаяпти, барча ресурсларни чемпионлик унвонини таъминлаш мақсадида “Ал-Ҳилол”ни қўллаб-қувватлашга йўналтираяпти, деб ҳисоблайди.

Роналду бундай вазиятга кўникишни истамаслигини очиқ-ойдин билдирган ва кейинги трансфер ойнасида ўзгаришлар бўлишини талаб қилган. Акс ҳолда, у Саудия Арабистонини тарк этишга тайёр.

- Агар ёздаги трансферлар ойнасида талабларим бажарилмаса, мен кетаман, - деди Криштиану Роналду.

Қайд этилишича, Роналдунинг “Ан-Наср”да фаолиятини давом эттириши учун асосий шарт – жамоа таркибининг ҳақиқий кучайтирилиши ва жамғарма раҳбарияти томонидан клубларга нисбатан тенг муносабатда бўлишдир.

Аввалроқ португалиялик футболчи ўз клубининг икки учрашувини бойкот қилган эди. Бу Саудия Арабистони Профессионал лигасига катта иқтисодий зиён келтиргани айтилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!