"Роналдуга қарши тўп суриш - мен учун улкан шараф, Ўзбекистон клубларидан таклифлар бор"

Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби – “Истиқлол” Осиё Чемпионлар лигасида қатнашаётганидан хабардорсиз. Яқинда улар Саудия Арабистонида “Ал-Насср” билан тўқнаш келишди. У ерда жаҳон юлдузи Роналду бор. Илк бор Тожикистон жамоаси Роналдуга қарши ўйнади.

“Истиқлол” таркибида мухлисларимизга яхши маълум бўлган Эхсони Паншанбе ҳам бор эди. Охирги пайтларда уни яна Ўзбекистонга қайтиши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас. Шу боис Sports.uz мухбири Эхсони билан боғланиб, Роналдуга қарши ўйин ва янги таклифлар борасидаги фикрлари билан қизиқиб кўрди.

- Яқинда Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида “Ал-Насср” билан баҳс олиб бординглар. Майдонда Роналдуга қарши ўйнаганда нималарни ҳис қилдингиз?

- Барчага маълум, яқинда Саудия Арабистони клублари таркибларини жаҳон миқёсидаги юлдузлар билан тўлдириб олишди. Жумладан, “Ал-Насср” ҳам. Дунёнинг энг таниқли юлдузларидан бири саналадиган Роналдуга қарши майдонда тўп суриш - бу мен учун улкан шараф. Чунки у дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири.

эхсон

- Учрашувдан сўнг Роналду билан футболка алмашдингизми?

- Шундай бўлса, қанийди... Аммо бошқа ўйинчимиз у билан ўзаро алмаштиришга улгурди. Шундай экан...Албатта, яхши бўларди. Лекин бошқа томондан олиб қараганда, бу ўртоғимизга оғир ботмаслигини истардик.

- Ўйиндан кейин Роналду билан суҳбатлашишингиз ҳам мумкинми?

- Нега бўлмасин! Лекин бу амалга ошмади...

эхсон1

- Сиз учун ким кучли: Роналдуми ёки Месси?!

- Бу иккиси ўта кучли шахсиятлардир. Барчага маълумки, иккиси 15 йил мобайнида футболдаги энг зўр ижрочилар эканлигини исботлаб келди. Улардан бирини мана шуниси 1-ўринда туришга муносиб, дея кўрсата олмайман. Аммо, айтишим керакки, барибир Мессига кўпроқ ён босаман.

- Эшитишимча, сизга яна Ўзбекистон клубларидан таклифлар бор экан. Суперлигадан қизиқишлар бўлаётгани ростми?

- Ҳа, Ўзбекистондаги икки клубдан таклиф бор. Қўшимчасига юртингиз менга бегона эмас, 2 йил ўйнадим ва чемпионатингиз ҳам чакки эмас. Бундан бошқа бир нарса дея олмайман, ҳаммасини вақт кўрсатади.

эхсон2

- Аслида яна Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ниятингиз борми?

- Ҳозирча менинг “Истиқлол” билан тузган шартномам ва клуб олдидаги мажбуриятларим бор. Ҳаммаси мавсум якунига борганда маълум бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!