Роналдуга яна ўттизта гол зарур
Португалия миллий терма жамоаси ва Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Криштиану Роналду профессионал фаолиятидаги 970-голини урди.
Роналду Саудия Про-лигасининг 30-турида “Ал-Аҳли”га қарши баҳснинг 76-дақиқасида ҳисобни очиб, жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди.
Шу тариқа, Криштиану футбол жамоатчилиги кутаётган тарихий воқеа – умумий голлари сонини мингтага етказиш учун яна ўттизта гол қолди.
41 ёшли юлдуз жаҳон футболида энг кўп тўп киритган футболчи ҳисобланади.
Роналду 2023 йилдан буён “Ан-Наср” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда 41 ёшли форвард Про-лигада 26 ўйинда 25 та гол ва 2 та голли узатма амалга оширган.
“Ан-Наср” Саудия Арабистони чемпионати турнир жадвалида биринчи ўринни сақлаб турибди. Жамоа 30 ўйинда 79 очко тўплаган. Иккинчи ўриндаги “Ал-Ҳилол” билан ўртадаги фарқ 8 очкони ташкил этади, рақибда эса битта захира ўйини бор.

Фикрлар