Россия футболида Ўзбекистон легионерларининг ўз ўрни бор, фақат...

Россия чемпионатида тўп тепиш кўплаб ўзбекистонлик футболчилар учун орзу ҳисобланади. Ҳозирча, Россия премьер-лигасида ягона вакилимиз – Остон Ўрунов қолди. Бу мамлакат чемпионатида ўзини кўрсата олган Элдор Шомуродов мавсум бошидаёқ “Женоа”га ўтиб кетган бўлса, “Локомотив”дан “Тамбов”га ижарага берилган Жасур Жалолиддинов дебютини нишонлай олмай, ҳар икки жамоа билан алоқаларини узиб, ортга қайтишга мажбур бўлди.

Остон Ўруновнинг ҳам “Спартак”даги ишлари ҳавас қилгулик эмас. У ярим мавсумдан бери асосий таркибга кира олмаяпти, Россиянинг энг машҳур клубида рақобат борган сари кучаймоқда, ўзбек легионерининг кетиши ҳақидаги хабарлар ҳам урчиб бормоқда. Хуллас, Ўрунов масаласи ҳамон мавҳум.

1280_864_max-2

Шунга қарамай, Россия чемпионатининг иккинчи бўлаги – Миллий футбол лигасида тўп тепаётган футболчиларимизнинг иши беш, дейишимизга асослар етарли. Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов “Нефтехимик”да, Виталий Денисов “Томь”да маҳорат кўрсатмоқда.

Умуман олганда, Россия Миллий футбол лигасида ҳам легионерларга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳозирги қоидага кўра, бир жамоа тўрт нафар чет эллик футболчини қайдномадан ўтказиши ва бир ўйинда уларнинг барчасидан фойдаланиши мумкин. Аввалги  тартибда эса, Миллий футбол лигасида иштирок этаётган клублар беш нафар легионерни рўйхатга олиб, учрашувларда улардан учтасини ўйинга тушириш ҳуқуқига эга бўлган.

Пандемия туфайли футболчиларнинг бир мамлакатдан бошқасига кўчиб ўтиши қийинлашганига  қарамай, Россияга келишни уддалаганлар ҳам етарлича. Хусусан, Миллий футбол лигасида МДҲ мамлакатларидан ташқари, Канада, Колумбия, Гвинея, Япония, Мали, Босния, Португалия, Финляндия, Гана, Бразилия, Сербия, Македония, Аргентина, Эрон, Жазоир, Конго, Нигерия, Италия, Германия, Либерия, Словения  каби давлатлардан келган  чарм тўп усталари рус диёрида насибасини териб юрибди.   

 Миллий футбол лигасидаги “Волгарь”, “Текстильшик”, “Иртиш”, “Краснодар-2”, “Чертаново”,  “Динамо Брянск” ва “Шинник” клублари легионер хизматидан фойдаланмаяпти.

Хўш, лигадаги ўзбекистонлик футболчиларнинг натижалари қандай?

“Нефтехимик” таркибида фақат икки легионер бор. Улар ҳам ўзбекистонлик футболчилар – Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатовдир.

129761_680

Галиулин жамоа сардори ҳисобланади. Ўз вақтида, “Тосно” таркибида Москванинг “Спартак” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг Россия кубогини ютишига катта ҳисса қўшган тажрибали ярим ҳимоячи жорий мавсумда 21 та ўйинда қатнашиб, учта гол урди ва битта голли пас берди. Унинг муваффақиятли ўйини Валим Абрамов эътиборидан четда қолмади ва футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинига таклиф этилди.  

Ёш ярим ҳимоячи Бобир Давлатов ҳам қисқа танаффусдан сўнг, “Нефтехимик” таркибига қўшилганидан бери 13 та беллашувда иштирок этди. Бобир ўзи рақиб дарвозасини ишғол қилмаган бўлса-да, жамоадошларини тўрт маротаба голли пас билан таъминлади. Хуллас, ҳар икки футболчимизнинг жамоа ўз ўрни ва мавқеи бор.

bf9e7f1d1b07244b.xl

Бир пайтлар премьер-лиганинг кучли жамоаларидан бўлган “Томь” ҳозир анча қийин аҳволда қолган. Мавсумга етарли даражада тайёргарлик кўролмаган томскликлар лигада қолиш учун курашмоқда. Жамоасиз юрган Виталий Денисов ҳам ёрдамга чақирилгани шундан.

Россия чемпиони ва кубоги ғолиби, УЕФА кубоги соҳиби бўлган Денисов Миллий футбол лигасидаги энг соврини кўп ва юксак даражаларни забт этган ўйинчи  ҳисобланади.

“Томь” раҳбарияти ҳам ўзбекистонлик футболчининг ўйинларига ҳеч қандай эътироз йўқлигини таъкидламоқда. Денисов ҳақиқатан ҳам “Томь” ҳимоясини мустаҳкамлади, жамоа ҳимоячиларига етакчилик қилмоқда. Виталий ҳозирча ўнта учрашувда майдонга тушиб, бир бор жамоасининг гол уришига ҳисса қўшди.

1302237410

Айни пайтда Миллий футбол лигасидаги легионерларимиз мавсумнинг иккинчи ярмига пухта тайёргарлик кўрмоқда.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!