Россия клубини бошқариш ниятим бор, Ўрунов

Андрей Фёдоров нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам яхшигина ном қозонган. Иккала чемпионатда тўп сурган.

Айниқса, Россияда маҳоратини ошириб, кўпчиликнинг ҳурматини қозонди. Кейинчалик мураббий сифатида юртимизда ишлаганини яхши биласиз. Бу йилги мавсумни ярмигача “Локомотив”ни бошқарди. Аммо натижалар ижобий кўриниш олмагач, истеъфога чиқди ва Россияга кетди.

Андрей Витальевич билан бир қанча масалалар бўйича ўзаро мулоқот қилиш режамизда бор эди. Фёдоров эса sports.uz сайти учун суҳбатлашишга рози бўлди.

-  Андрей Витальевич, ҳозирда қандай иш билан машғулсиз? Футболсиз зерикиб қолмаяпсизми?

-  Салом, Шуҳрат. Албатта, футболсиз зерикиб қоляпман. Танаффусим бир йилга чўзилиб кетди. Уйимга қайтганимдан сўнг, қиладиган хўжалик ва ташкилий ишлар кўпайиб кетди. Энди футболсиз шу пайтгача амалга ошириб келган ишларимни таҳлил қилиш учун менда етарлича вақт бўляпти. Ўзбекистонда амалга оширган фаолиятимни ҳам бирма-бир кўз олдимдан ўтказяпман. Албатта, бўш пайтларим кўплиги боис Россия чемпионати учрашувларини томоша қилиш мақсадида стадионларга боряпман. Чунки бу ерда томошабинларнинг ўйинларга киришига чеклов қўйилмаган. Шу боис Москвада иложи борича максимум даражадаги учрашувларни кузатяпман. Беллашувларни кузатиш асносида ўзим учун ниманидир олишга ҳаракат қиляпман. Уйга қайтганимдан кейин хўжалик ишларига шўнғийман. Футболда умрини ўтказган одам учун севимли ўйинсиз қолиш албатта зерикарлидир.

-  “Локомотив”да икки бор ишладингиз. Аммо иккинчи марта қайтганингиз узоққа чўзилмади. Бунинг сабаби натижалардами ёки яна бошқа нимадир борми?

-  “Локомотив”да олиб борган ишларимга келсак, ҳаммаси унчалик даражада ёмон бўлмаган. Биз режа асосида иш олиб бориб, 2017 ва 2018 йилларда чемпионатни ва Кубокни ютишга муваффақ бўлганмиз. Шу таркибни 2019 йилга ҳам сақлаб қола олмаганимиз бизнинг камчилигимиз бўлган, дейиш мумкин. Чунки ўшанда таркиб ўзагини ташкил этган кўплаб футболчилар кетиб қолишганди. Ўша ижрочилар “Локомотив” ўйинини ташкил этиб берардилар. “Локомотив” шундай ўйин ташкил этадики, тўпни имкон қадар рақибдан тезроқ олиб қўйишга ҳаракат қилади. Бунинг учун кетганлар ўрнини тўлдиришда ёш футболчиларни таркибга жалб этганмиз. Уларнинг бир-бирларини майдонда тушунишлари учун муайян вақт керак бўларди. Боя айтганимдек, “Локо”нинг ўйинини белгилаб берган олти нафар ўйинчи кетгани боис ҳаммасини ўз изига тушириш учун вақт керак бўларди. Шундай таркиб билан ҳам Ўзбекистон чемпионатида ёмон иштирок этмай иккинчи ўринда борганмиз. Албатта, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятсиз қатнашганимиз чакки бўлганди. Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда амалга оширган ишларимни таҳлил қилиш учун менда етарли вақт бўляпти. ОЧЛда гуруҳдан чиқа олмаганимиз жуда ачинарли бўлганди. Чемпионлар лигасида ўйнаётган пайтингда рақибга мослашган ҳолда тўп суришинг керак бўлади. Янги шаклланган таркиб билан бундай ўйнаш осон эмас. Биз мусобақа давомида амирликларда, Эронда, Саудияда тўп сурдик. Агар рақибларга қарши сал бошқачароқ тўп сурганимизда ўйлайманки натижаларимиз ҳам шунга мос бўларди. 2018 ва 2019 йиллардаги ўйинимизни оладиган бўлсак, биз ўшанда рақибларга шунчаки ютқазмаганмиз. Бизда ҳам ғалаба қозониш учун етарли даражада имкониятлар бўлган.

фёдоров3_1

-  Сизни яна фаол мураббий сифатида кўришни истаймиз. Агар сир бўлмаса айтинг-чи, ҳозирда қўлингизда бирор-бир таклиф борми?

-  Ҳозирда бирор-бир клубда ишлаш юзасидан менда аниқ таклифлар бор дея олмайман. Тўғри, Ўзбекистон билан алоқа сақланиб турибди. Аммо ҳозирча вақт бор экан, шу ерда иш қидиряпмиз. Лекин аниқ бир таклифлар йўқ. Ўзимга қолса, Россияда бирор-бир клубни бошқаргим бор. Шундай имконият пайдо бўлса, Россия чемпионатида ўзимни жон деб синаб кўраман. Чунки шунинг эвазига рус футболини мухлис сифатида эмас, балки унинг ичидаги мураббий ролида билиб олиш имконияти юзага келади. Ҳозирча режаларим шундай, иложи бўлса, клублардан бирини бошқариш ниятим йўқ эмас.

-  Дарҳақиқат, Россияда ҳам анча ном чиқарган футболчи бўлгансиз. Нима учун энди биз сизни Россияда мураббий ролида кўрмаслигимиз керак?

-  Нима учун Россияда мураббий сифатида ишламаслигим керак? Дарҳақиқат, бу чиндан ҳам сиз томондан жуда қизиқарли савол бўлди. Ҳа, буни ўзим ҳам хоҳлайман. Лекин ҳаммаси биргина менинг таклифимга боғлиқ эмас, шундайми? Интервью бошида Россияда анча вақт бўлмаганим туфайли танаффус юзага келганини бежиз айтмадим. Ундан олдин эса “Рубин”да ўринбосарлар жамоаси билан ишлагандим холос. Бундай даражада мураббий ўзини кўрсатиши учун анча тер тўкиши керак бўлади. Аммо машаққатлардан қочадиган инсон эмасман. Агар яхши таклиф бўлса, ўзимни албатта кўрсатишга ҳаракат қиламан. Биринчи навбатда бу ерда мустақил мураббий сифатида ишлаш учун имкониятга эга бўлишим керак. Россияда мураббий сифатида ишлаш хоҳиши менда жуда катта эканлигини алоҳида таъкидламоғим жоиз.

-  Нима деб ўйлайсиз, ўзбек футболи олдинга нисбатан анча ривожланяптими ёки...

-  Ҳа, ўзбек футболида олдинга силжиш яққол кўзга ташланяпти. Энди у ерда футбол ўйнаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Мен бу гап билан биринчи навбатда кўплаб болалар футбол ўйнашга киришганларига ишора қилмоқчиман. Боз устига шаҳарларда футбол ўйнаш учун ҳам бир-биридан шинам бўлган турли ўлчамдаги стадионлар қуриляпти. Кўпроқ ёшлар учун мўлжалланган ўйингоҳлар барпо қилинаётганидан хабарим бор. Ўйинларнинг замонавий стадионларда ўтказила бошлангани ўзбек футболи учун катта плюсдир. Ҳаммаси яхши томонга силжиётганидан хурсандман. Биргина мени унчалик қувонтирмаётган жиҳат болалар футболи тўгараклари етарли даражада эмаслигидадир. Болаларнинг замон талабларига жавоб берадиган масканларда футбол сирларини ўрганиб, асосий клуб ўйинчилари даражасига чиқишларини истаган бўлардим. Ташқаридан кузатишим асносида шунга амин бўлдимки, 12 ёшдан каттароқ бўлган болалар учун тўгараклар анча кўпроқ. Аммо уларнинг кичик ўлчамдаги манежларда футбол ўрганаётганлари унчалик тўғри эмас. Чунки майдон ўлчамлари билан боғлиқ жиҳатлар ўрганаётган ёшларнинг ўсишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мен бу масалада асосий муаммо болалар ва ўсмирлар футболида деб ҳисоблайман. Албатта, ҳар қандай жойда кузатилгани каби болалар ва ўсмирлар футболида ўсиш бўлмас экан, катта ёшдаги футболда ҳам олдинга силжиш кузатилмайди. Ахир футболнинг пойдевори айнан шундан бошланади. Ҳаммаси болалар, ўсмирлар, ёшлар ва ўринбосарлар жамоаларидан бошланиб босқичма-босқич ривожланиб боради. Футболнинг сир-синоатлари айнан қуйидан бошланади. Асосий эътибор пойдеворни мустаҳкамлашга – болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришга қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди. 

фёдоров5

-  Юртимизда “Локомтив” ва “Нефтчи” клубларида ишладингиз. Сиз учун қайси бир жамоа ўзгача аҳамият  касб этади?

-  Ўзбекистонда олиб борган ишларимга келсак, “Локомотив” билан “Нефтчи”ни бошқариш ўртасида катта фарқни кўрмаганман. Тўғри, бошқа томондан олиб қараганда “Нефтчи”нинг мен учун ўзгача клуб ҳисобланиши бор гап. Негаки, бу жамоа менга кўп нарса берган. “Нефтчи”да футболчи сифатида шаклландим, танилдим. Обрў-эътибор қозондим. “Локомотив” ҳам менда катта таассурот қолдирган клуб саналади. Юқорида айтганимдек, “Локомотив” билан чемпионга айландик, Кубокни ютдик. Бироқ иккала жамоани ажратиб кўрсатиш, қайсинисидир бошқасидан устун қўйиш мен учун тўғри бўлмасди. “Нефтчи” мен учун барибир катта клуб бўлиб қолади. Ўзбекистондан кетганимдан кейин ҳам жамоа учун қайғуришда давом этяпман. Шунинг баробарида “Локомотив” иштирокидаги учрашувларга бўлган қизиқишим “Нефтчи”никидан кам эмас. Шу сабабдан ҳам иккала клубни бирдек катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Бу жамоаларни қадрлайман. Уларга муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

-  Сизнинг севимли жамоангиз ҳисобланадиган “Нефтчи” Суперлига йўлланмаси учун “Турон”га қарши баҳсда мағлуб бўлди. Учрашувдан кейинги жанжални кўрдингизми? Бу ҳақида нима дея оласиз?

-  Суперлига йўлланмаси учун “Нефтчи” ва “Турон” клублари ўртасидаги ўйинга, тўғрироғи учрашувдан кейинги хунук воқеага келсак, бу ҳол мени ҳам ранжитди. Ишни бу даражага олиб бориш керак эмасди. Суҳбатимиз чоғида бекорга кўп нарса ташкилий масалага боғлиқлигига урғу бериб ўтмадим. Жумладан, “Нефтчи” ва “Турон” ўйинини ташкил қилганлар ҳаммасини эътиборга олган ҳолда йўл тутишлари керак эди. Шунда учрашувдан сўнг бундай кўнгилсиз воқеа содир бўлмасмиди...Мен буни жуда ёқимсиз ва ўзбек футболини мутлақо безамайдиган хунук ҳолат деб баҳолайман. Шу воқеадан хулоса чиқариб футболимиз тепасида турган раҳбарлар керакли чораларни кўриш пайида бўлсалар, бундан ҳамма хурсанд ва хотиржам тортарди.

-  Яқинда Сергей Юран Остон Ўруновни ҳозирги ёшидан катта эканлигини айтди. Бу борада нима дея оласиз?

-  Сизга қадар ҳам Ўрунов ҳақидаги ва унинг ёши билан боғлиқ гап-сўзларни маҳаллий рус матбуоти вакиллари билан учрашганимда айтдим. Бу борада юзага келган баҳс-мунозара ҳақида нимадир дейиш қийин. Тўғриси, бу мавзуни изоҳлашни истамаган бўлардим. Чунки қўлимда у ёки буни ҳақ ё ноҳақ эканлигини исботловчи далиллар йўқ. Остоннинг ёшига нисбатан каттароқ кўриниши физиологик жараёндан бўлса керак. Ҳаммамиз ҳам ўсмир чоғимизда бирданига ўсиб, соқол-мўйловларимиз яққол кўзга ташланиб қолганди. Бу жуда ҳам нозик масала. Энг асосийси, унда гапининг тўғрилигини тасдиқловчи исбот-далил бўлиши керак. Ҳаммаси шунчаки тахмин ва Юраннинг бир қарашда юзага келган хулосаси бўлса керак. Бевосита Ўруновнинг ўзига келсак, мен уни анчадан бери биламан. “Навбаҳор”даги ўйинлари эсимда. Унинг “Спартак”даги ўйинлари ҳақида нима дейиш мумкин? “Уфа”да намойиш этган ўйинларига нисбатан Остонда ўсиш кўзга ташланди. Назаримда, у ҳамманинг диққат-эътиборида бўлиб турадиган клубга анча барвақт кўчиб ўтди. Шу боисдан ҳам Ўрунов атрофида ҳар хил гап-сўзлар кўпайишга тушган. Бу жамоани мухлислар, журналистлар доим синчковлик билан кузатишади. Айтиш жоиз бўлса, матбуот “Спартак”ни микроскоп остида кузатиб боради. Остон “Уфа” даражасидаги клубда яна бир мавсум тўп суриб катта жамоага кўчиб ўтса, яхшироқ бўларди. У Россия чемпионатига яхшилаб мослашиб олишга улгургани ҳам йўқ эди. Россия ва Ўзбекистон чемпионатлари ўртасида жуда катта фарқ бор. Назаримда, Ўрунов рус футболига мослашиш жараёнини “Уфа”да ёки шу клуб даражасидаги бошқа жамоада адо этса тўғрироқ бўларди. “Спартак”да эса босим ўта юқори. Босимни кўтариш осон эмас. Ҳаммаси Ўруновнинг ўзига боғлиқ. У майдонга кам тушаётганидан ўзини йўқотиб қўймай сабр қилиши керак. Асосийси, йигитча руҳан тушкунликка тушиб қолмаса бўлгани. Ўруновга Россиядаги ишларида фақат муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

-  Ўз вақтида “Рубин”да селекционер мураббий сифатида ҳам ишлагансиз. Фаолиятингиз давомида қайси футболчиларни кашф эта олгансиз?

-  “Рубин”даги фаолиятим давомида ёрқин даражадаги футболчиларни кўрганман. Уларни бизнинг селекция бўлимимиздаги ходимлар топишганди. Бўлимдагилар кўз остимизга олиб қўйилган футболчиларни тўп сураётган клубларида диққат билан кузатишган. Жумладан, эронлик икки нафар ўйинчи – Сардор Азмун билан Иззатуллоҳини айтишим мумкин. Биз бу футболчиларни кичик турнирларда кўрганмиз. Ўшанда бизнинг бўлимимизда Марат Кабаев ҳам ишлаганди. Сардорни бир йил кузатганмиз. 18 ёшга тўлганидан кейин эса “Рубин”га таклиф қилгандик. Иззатуллоҳини ҳам мусобақада кўрганимиздан сўнг, маълум вақт кузатганмиз ва охир-оқибат жамоага таклиф қилгандик. Ҳозир Иззатуллоҳини қаерда тўп сураётганини билмайман. Аммо Азмун анча машҳур футболчи бўлиб етишди. Селекция бўлимидагиларнинг иши осон эмас. Бўлимдагилар кўз остига олиб қўйган футболчиларни анча кузатишади, ўйини клуб фалсафасига мос тушиш ёки тушмаслигини таҳлил қиладилар. Бу жараёнда кўп нарса бир-бирига мос тушиши керак. Жумладан, футболчининг ўзига қизиқаётган клубда ўйнашни исташи катта аҳамият касб этадиган жиҳатдир. Бу жуда мураккаб жараёндир. Селекция бўлимидагилар йилига 12 ой, суткасига 24 соат ишлайдилар, десам муболаға бўлмаса керак. 

фёдоров4

-  Ҳозиргача Қурбон Бердиев билан яқин алоқани сақлаб келасизми?

-  Қурбон Бекиевич билан тез-тез гаплашиб турамиз десам бироз муболаға бўларди. Аммо ўртамиздаги алоқа ҳамон сақланиб қолган. Бир-биримизга аҳён-аҳёнда қўнғироқ қиламиз. Лекин туғилган кунларимизда албатта табрик юборамиз. Агар менга иш юзасидан унинг маслаҳати зарур бўлиб қолса, исталган пайтда рақамини теришим мумкин. Бу масалада ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Тўғри, илгари жуда яқин алоқада бўлганмиз. Лекин ҳозирда бундай эмас. Гоҳ-гоҳида иш жараёнида хориж йиғинларида учрашиб қолганмиз. Масалан, амирликларда. Бундай пайтда бир-биримиз билан дўстона кўришамиз, фикр алмашамиз. Қурбон Бекиевич билан ўртамизда ишчи муносабат бор, десам тўғрироқ бўларди.

-  Фёдоровнинг мураббий сифатидаги орзуси нима?

-  Мураббий сифатидаги орзуим шундан иборатки, қўл остимдаги футболчилардан бир қанчасини миллий терма жамоа даражасига олиб чиқишдир. Шунингдек, яна бир асосий орзу-истакларимдан бири ўзим ишлайдиган жамоани чемпионлар лигаси турнирига олиб чиқишдир.

-  Ўзбекистон терма жамоасининг ҳолати ишқибозларни хавотирга солиб қўйган. Нима деб ўйлайсиз, жамоа Вадим Абрамов билан жаҳон чемпионатига бора олиши мумкинми?

-  Мухлисларнинг Ўзбекистон терма жамоаси келажагидан хавотирда эканлигига келсак, бу масалада жараёнга обьектив нигоҳ билан боқиш даркор. Биласиз, Осиё минтақасида Эрон, Корея, Саудия, Япония, Австралия каби жиддий термалар бор. Бу терма жамоалар олдинга жуда катта қадам ташлаганлар. Сурия билан Хитойни ўсиб келаётган термалар сифатида баҳолаш мумкин. Юқорида номларини санаб ўтган терма жамоаларнинг федерациялари минтақада етакчи ролга кўтарилиш учун жуда катта кўламдаги ишларни олиб боришган. Улар билан рақобатлашиш бизникилар учун жуда қийин бўлган. Нима бўлган тақдирда ҳам терма жамоамизга ишонишимиз, уни қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак. Ҳа, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш жуда мушкул вазифа. Аммо суҳбатимиз бошида айтганимдек, ишларни ташкил этишда тўғри йўл ва режа танланса бажариб бўлмайдиган вазифани ўзи қолмайди. Биз биринчи навбатда рақобатбардош ўйинчиларни етиштириб чиқаришимиз керак. Бунинг учун аввало болалар, ўсмирлар, ёшлар футболида катта ишларни амалга ошириш керак бўлади.

-  Нима сабабдан ўғилларингиз Никита билан Алексей сиз каби футболни танлашмади. Нима, уларни футбол қизиқтирмайдими?

-  Фарзандларимнинг мен каби футболга унчалик меҳр қўймаганига келсак, тўнғич ўғлим аввалига ўйинга қизиққан. Лекин кўриш қобилияти билан юзага келган нуқсон туфайли майдонда тўп суришни давом эттириш имкониятига эга бўла олмаган. Лекин футбол унинг қалбида. Шу боис ҳозирда Москванинг “Локомотив” клубида ишлаяпти. Иккинчи ўғлим бошқа соҳа – юристликни танлаган. У юрист сифатида анча эътибор қозонди ва шундай ўғлим борлигидан фахрланаман. Лекин кенжам ҳам футболдан узоқ эмас. У киберфутбол билан шуғулланади. Кичик ўғлим болалагидан то вояга етгунча футбол билан шуғулланган. Лекин кейинчалик мактабни битириб, ўқишга кирганда мен унга оилада битта футболчи етар бўлишини айтгандим. У гапимга қулоқ солди. Ваҳоланки, футболдаги натижалари ҳам чакки эмасди. Тўғри, университетда ҳам футбол жамоаси бор. Лекин ўша жамоа ҳаваскорлардан иборат. Фарзандларимнинг истак ва хоҳишларини қадрлайман. Улар қандай иш билан шуғулланишмасин ўғилларим билан фахрланаман.

фёдоров2

-  Россиялик дўстларингиз сиздан ўзбекистонлик қандай футболчилар ҳақида кўпроқ сўрашади?

-  Россиялик таниш мураббийлар билан гаплашганимда улар ўзларига етиб келган у ёки бу ўйинчи ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиққанидан кейингина ишга киришишлари мумкинлигини айтишади. Қолаверса, улар мендан Ўзбекистонда ишлаганим боис кўп нарсаларни сўрашади. Ҳозир аниқ у ёки бу футболчилар ҳақида уларда қизиқиш бор, дейишим тўғри бўлмасди. Аммо таниш мураббийларим мендан шу ҳақида тез-тез сўраб туришади. Албатта, улар фақат менинг фикр ва мулоҳазаларим билан чекланиб қолмай, ўзлари қизиқиб қолган футболчи иштирокидаги ўйин ёзувларини топишга ҳаракат қилишади.

-   Келгуси йили 50 ёшга тўласиз. Юбилейингизни қандай ўтказишни режалаштиряпсиз?

-  Раҳмат, келгуси йили менинг 50 ёшга тўлишим билан боғлиқ юбилей бўлишини эсимга солганингиз учун миннатдорман. Бундай санани албатта нишонлаш керак. Лекин ҳозирча бунга анча вақт борлиги сабаб юбилей ташкил этиш билан боғлиқ масала юзасидан бирор-бир режа тузганим йўқ. Ҳаммаси ўша пайтга бориб менинг қаерда бўлишимга боғлиқ. Эҳтимол, ўша вақтга бориб уйимда бўларман ёки иш юзасидан бошқа жойга кетган бўлишим мумкин. Бу мавзуда ҳали ўйлаётганим йўқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)