Россия ва Беларусь Миллий паралимпия қўмиталари фаолияти вақтинча тўхтатилди!

16 ноябрь куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида Халқаро Паралимпия қўмитасининг (ХПҚ) навбатдан ташқари Бош Ассамблеясида Россия ва Беларусь миллий паралимпия қўмиталари фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича овоз бериш жараёни ўтказилди.

Якунда ташкилот аъзоларининг аксарияти Россия ва Беларусь Миллий Паралимпия қўмиталари фаолиятини тўхтатиб туришга овоз беришди.

Маълум қилинишича, Россия ва Беларусь миллий паралимпия қўмиталари фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор уларнинг Халқаро Паралимпия қўмитаси Конституциясида белгиланган аъзолик мажбуриятларини бажара олмаслиги билан боғлиқ. Бунга "Паралимпия ҳаракати доирасидаги параспортда ҳалол ўйин руҳи ҳукмрон бўлишини, спортчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғи ҳимоя қилинишини, асосий ахлоқий тамойилларга риоя этилишини таъминлаш" ва Паралимпия ҳаракати ёки Параспортни обрўсизлантириш хавфини туғдириш киради.

Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс шундай деди:
“Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти сифатида мен спорт дунёни тинч рақобатда бирлаштирган, спортчиларга хавфсиз муҳитда ўз рақибларига қарши имкониятларини максимал даражада ошириш имконини берадиган дунёда яшашимизни истайман.
Ҳозирда спорт олами дуч келаётган вазият жуда оғир ва мураккаб. Умид қиламанки, Украинадаги можаро имкон қадар тезроқ тугайди, тинчлик ўрнатилади.

Таъкидлаш керакки, ХПҚ Конституциясига мувофиқ фаолияти вақтинча тўхтатилган Россия ва Беларусь миллий паралимпия қўмиталари ташкилот аъзолигининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларини йўқотади.

Фавқулодда Бош Ассамблея, шунингдек, Паралимпия ўйинларининг хавфсизлиги, ҳаётийлиги, яхлитлиги ва адолатлилигига путур етказувчи фавқулодда ҳодиса рўй берса, ХПҚ Бошқарув кенгашига ҳимоя чораларини қўллашга рухсат бериш учун ХПҚ Конституциясига ўзгартириш киритиш таклифини маъқуллади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!