Россиялик легионер Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақида гапирди
Россиянинг энг қудратли клубларидан ҳисобланган Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси тарбияланувчиси Иван Коршунов Тошкентдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Ҳозирда ярим ҳимоячи Коршунов Ўзбекистон иккинчи лигасида иштирок этаётган "Ғазалкент" жамоаси шарафини ҳимоя қилади. У профессионал футболда "Иртиш", "СКА Хабаровск" ва "Динамо Санкт-Петербург" таркибида тўп сурган.
– "Газалкент" сени ҳам кейинчалик сотиб юборишни режалаштираётган клубларданми?
– Ўйлашимча, клуб сиёсати менга ҳам тааллуқли. Шу боис, келажакда яхши таклифлар бўлишига умид қиламан. Лекин бунга эришиш учун ҳар бир ўйинни юқори даражада ўтказишим керак. Қолаверса, ҳозир "Ғазалкент"даги шароитлар Ўзбекистон юқори дивизионидаги айрим жамоаларникидан ҳам яхшироқ, – дея таъкидлайди яримҳимоячи.
– Ғазалкент – тахминан 20 минг аҳолиси бор кичик шаҳар. Ўша ерда яшаяпсанми?
– Йўқ, Тошкентдаман. Ўзбекистон терма жамоаси учун қурилган базага жойлашганмиз. Бу ерда футболчи учун керак бўладиган барча шарт-шароитлар мавжуд.
– Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳаёт қимматми?
– Тошкентда нарх-наво Санкт-Петербург ёки Москвага нисбатан тахминан икки ярим баробар арзон. Озиқ-овқатдан тортиб, хизматларгача – ҳаммаси анча мақбул. Қолаверса, Россиядан кетган айрим брендлар бу ерда ҳали ҳам ишлаяпти.
– Ойига ўртача қанча харажат қиласан?
– Қиз дўстим билан яшаган пайтимда иккимизга ойига тахминан 70–100 минг рубль атрофида сарф бўларди. Ҳозир эса ёлғизман, базада яшайман, деярли ҳамма нарса шу ерда таъминланган. Натижада ойлик харажатим ўртача 10 минг рубль атрофида. Асосан шахсий эҳтиёжлар ва баъзан дўконга чиқиш учун пул кетади, – дейди Коршунов.

Фикрлар