Россиялик мутахассис: "Ўзбекистон - Россия иштирокидаги ўйиндан кўп нарса кутяпман, Шомуродов учун бу ўзгача аҳамият касб этади"
Олдиндан режалаштирилганидек, 20 ноябрь куни Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари иштирокида ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Бу ўзига хос тўқнашув бўлиб, мухлислар бўлажак ўйинни интизорлик билан кутишмоқда.
Айни пайтда қатор мутахассислар олдинда турган учрашув борасида ўзининг фикр ва муносабатларини билдирмоқдалар. Ёдингизда бўлса, яқинда Sports.uz сайти учун россиялик таниқли мутахассислардан бири Юрий Белоус интервью берганди. Ўшанда Ўзбекистон – Россия терма жамоалари беллашувидан нима кутаётганини, футболимизнинг бугунги ҳолати ва албатта Элдор Шомуродов ҳақида ҳам гапирганди.
“Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида бўладиган ўйиндан кўп нарсани кутяпман. Ишонаманки, беллашув мухлисларга ёқадиган, томошабоп руҳда кечади. Шунингдек, терма жамоангизнинг баҳсда муносиб ўйин кўрсатишини ҳам кутяпман. Ахир Ўзбекистон ўз минтақасида кучли футбол мамлакати саналади. Сизларда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Мисол тариқасида, Одил Аҳмедовни айтишим мумкин ёки бўлмаса бугунги кунда футболчиларингиз орасида энг таниқлиси ҳисобланадиган Элдор Шомуродовни танимаган ишқибоз топилмаса керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол мутахассислари кучли эканлиги билан ҳам анча танилган.
Албатта, менинг назаримда Ўзбекистон ўз минтақасининг энг кучли терма жамоаси ҳисобланади. Агар Марказий Осиё эмас, балки умум маънода, Осиё футболи ҳақида гапирадиган бўлсак, Япония, Жанубий Корея, Эрон ва Саудия Арабистони энг кучли терма жамоалар сирасига киради. Ўзбек футболини кузатиб келаман. Юқорида айтганимдек, сизларда иқтидорли ўйинчилар кўп. Агар юксалишнинг тўғри йўлидан бориладиган бўлса, яқин келажакда Ўзбекистон ҳам Осиёдаги энг кучли терма жамоалардан бири сифатида тилга олина бошланиши шубҳасиз. Чунки биз жуда кўплаб ёш иқтидор эгаларини биламиз. Сизларда иқтидор эгалари борасида катта потенциал мавжуд.
Бежизга сизларда кўплаб ёш иқтидор эгалари борлигини айтиб ўтмадим. Масалан, U-23 терма жамоангиз Осиё чемпионатининг финалида ўйнаганлигини яхши биламиз. Бу эса кўп нарсадан далолат беради. Сизларда футболни ривожлантириш учун жуда яхши шарт-шароитлар яратилган. “Пахтакор” ва “Бунёдкор” каби донгдор клубларингиз бор. “Бунёдкор”нинг моддий техник-базаси жуда яхшилигини ва клуб ихтиёрида шуғулланиш учун бир нечта майдонлар борлигини биламан. Бу масалада Россия премьер-лигасининг айрим иштирокчилари “Бунёдкор”га ета олмаса ҳам керак. Миллий чемпионатингиз йил сайин ривожланиб боряпти. Шунга қарамай, мамлакатингиз бош жамоасининг ЖЧ финал босқичига чиқа олмасдан келаётгани негадир кишини ҳайрон қолдиради. Бундай муваффақиятсизликка бир қанча сабаблар ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаган. Сизларда ЖЧ саралаш босқичи анча мураккаб тизимда ўтказилади. Саудия Арабистонида ташкил этилган саралаш босқичининг иккинчи қисмида терма жамоангиздан омад юз ўгирганди. Ваҳоланки, Ўзбекистон бундай потенциал билан жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасига эга чиқиши керак эди.
Албатта, Шомуродов учун бу ўзгача аҳамият касб этадиган беллашувга айланиши тайин. Мен уни жуда иқтидорли, жисмонан кучли ва ҳар томонлама шаклланган футболчи сифатида биламан. У айнан Карпин қўли остида тўп суриб юрган кезларида ўйинини янада кучайтира олган. Бежизга Шомуродовни топ-бешлик орасида ўзига обрў-эътиборга эга бўлган Италия А сериясига олиб кетишмаган. Умуман олганда, миллий терма жамоа байроғи остига чақириладиган ҳар қандай футболчи учун унинг либосида майдонга тушиш катта шараф ҳисобланади. Чунки бундай имконият ҳар кимга ҳам ҳавола қилинавермайди. Бундай маҳалда ўйинчилар аввало юрт шаъни ҳақида ўйлайди. Сўнгра ўзларининг максимал даражасини кўрсатиш пайида бўладилар. Биласиз, Россия чемпионатининг савияси анча баланд. Премьер-лига иштирокчилари таркибида эса футболчиларга шунга яраша ҳақ тўланади. Ўз-ўзидан ўйинчиларингиз орасида Россияга қарши учрашувда ўзларини кўрсатиб, эътиборни тортишга интиладиган футболчилар жон куюктириб тўп суришларига шубҳа қилмаяпман.
Шак-шубҳасиз. Мен уни бежизга ҳар томонлама шаклланган ижрочи, деб айтмадим. Аммо футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Шомуродовга тўпни бехато узатиб бера оладиган шерикларининг ёрдами жуда зарур бўлади. Элдор жуда тезкор, иккала оёғида ва бош билан яхши зарба бера оладиган футболчидир. Италияда тўп суришни бошлагандан кейин у энди тўпни қисқа паслар орқали ўйнашни ҳам яхши ўзлаштириб олди. Россиялик мутахассислар эътиборини тортадиган футболчиларингиз анча бўлишига ишончим комил. Билсангиз керак, ҳамюртингиз Иброҳимхалил Йўлдошев “Нижний Новгород” клубида тўп суриб, анча танилишга тушди. Шунингдек, миллий чемпионатингизда курашни қиздира оладиган клублар сони анча ошаётганидан хабарим бор. Бу эса интриганинг ортишига хизмат қиладиган омил ҳисобланади”, - деди Белоус.
Фикрлар