“Ростов” даромад олиши учун Шомуродов Италияда гол уриши керак

А Сериянинг навбатдаги турида “Женоа” сафар учрашувида “Удинезе”га кичик ҳисобда имкониятни бой берди.

Тенг курашлар остида ўтган беллашувнинг сўнгги дақиқаларида генуяликлар ҳужумчиси Жанлука Скамакка ҳисобни тенглаштирган эди. Аввалига голни ҳисобга олган ҳакам, видеоассистентлар хабаридан кейин уни бекор қилди. VAR мутахассислари видеотакрорда Скамакка ҳал қилувчи зарбани бераётганида ўйиндан ташқари ҳолатда эканини исботлади.

Genoa_disperato_Thumb_HighlightCenter237451

“Женоа”нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов учрашувнинг 69-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилди. Жароҳатидан тўлиқ тикланган ҳамюртимизга ўзини кўрсатиш учун мураббий тақдим қилган вақт камлик қилди. Шу тариқа, Элдор А Сериядаги учинчи учрашувида ҳам майдонни бирорта самарали натижасиз тарк этишга мажбур бўлди.  У ҳарчанд ҳаракат қилмасин, жамоа ўйинига қўшилиб кета олмаяпти. Мутахассислар Генуя жамоасининг ўйин услуби Шомуродовга мос эмаслигини таъкидлай бошлади. Бунга “Женоа”нинг ҳимоявий услубда ўйнаётгани сабаб бўлмоқда.  

Қолаверса, “Женоа” чемпионатда энг кам гол урган икки жамоадан бири ҳисобланади. Генуяликлар таркибида маҳоратли ҳужумчилар борлигига қарамай, саккизта ўйинда атиги еттита тўп киритилган. Шу ўйинларнинг тенг ярмида “Женоа” вакиллари рақиб дарвозасига умуман йўл топа олмаган. Еттита голдан тўрттаси битта ўйинда урилган.  

Хуллас, “Женоа” қўллаётган ўйин услуби Элдор  шу пайтгача тўп сурган жамоаларникидан кескин фарқ қилади. Бу ёғига ўзбек футболчиси италияликларга тезроқ мослашиши керак. Чунки бутун бир жамоа битта легионерга мослашмайди-ку.

Элдор Шомуродовнинг гол уришидан нафақат ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари, балки “Ростов” клуби ҳам манфаатдор. Хабарингиз бор, Элдор Шомуродов трансфери учун генуяликлар 7,5 миллион евро тўлаган. Шунингдек, 1,5 миллион евро миқдорида бонус ва  кейинги трансфердан 15 фоиз улуш ҳам ваъда қилинган.

Маълум бўлишича, ростовликлар 1,5 миллион евролик бонусни олиши учун Элдор Шомуродов “Женоа” таркибида маълум миқдорда гол уриши шарт. Ҳозирча ҳамюртимиз буни уддалай олгани йўқ. Қолаверса, тўпурарлик маҳоратини намойиш эта олмаётган ҳужумчини кейинги трансфери ҳам муваффақиятли бўлмайди. Демак, Шомуродов гол урмас экан, “Ростов” ўзи кутаётган даромаднинг бир қисмида қуруқ қолади.

Умуман олганда, Элдор 2020 йил ҳисобидан атиги учта гол урди. Россия чемпионатида ўйнаб юрган пайтда ўтган мавсумда, аниқроғи 29 февралда “Ахмат” дарвозасини аниқ нишонга олганди. Кейин сентябрда ростовликларнинг Европа лигасидаги илк учрашувида “Маккаби Хайфа” посбонини ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди. Ниҳоят, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг октябрдаги ўйинида Эронга ҳам гол урди.

Италия футболидаги голлари ҳали олдинда эканига умид қиламиз. Ҳозирча, Элдор ўзи теп тепган ўйинларда бирорта қулай вазиятга ҳам эга бўлмаганини тан олиш керак. Учта учрашувда иштирок этгани билан бирортасида тўлиқ ўйнамади. Гарчи самарали натижалар қайд этмаган бўлса-да, бирор бир қўпол хато қилиб, ўйинни бузиб ҳам қўйгани йўқ.

1603990452_tvbpttiunycfneypjwaerakooh5xn8oa

Энди “Женоа” навбатдаги учрашувни 30 ноябрь куни “Парма”га қарши ўтказади. Учрашув генуяликлар майдонида бўлади. Балки Элдор шу учрашувда гол урар. Чунки “Парма” ҳам “Женоа” сингари кўп гол ўтказадиган жамоага айланиб қолган.

Элдор ўйинга тайёр!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!