Рўзиқул Бердиев: "4 та расмий ўйин ўтказдик, ҳали ҳужумчиларимиз гол уришгани йўқ"

“Бухоро” – “Насаф” (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун сифатли ўйин бўлиши учун ҳамма нарса мавжуд эди. Майдон ҳолати, об-ҳаво...Ўйинга келсак, кўп вазият яратмадик. Лекин ғалаба голини уриб уни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Ҳимояда хатосиз ҳаракат қилдик. “Бухоро”да яхши жамоа шаклланибди. Ўйлайманки, улар кейинги учрашувларда ижобий натижа учун ҳааркат қиладилар. Учрашувда йигитларга биринчи бўлиб юклатилган вазифа натижа учун курашиш эди. Гол ургач, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилдик. Аммо иккинчи голни уриш учун қулай вазиятларга эга бўлсак-да, бундан фойдалана олмадик. Ғалабага бўлган режамиз амалга ошди. Оғир учрашувда 3 очкони қўлга киритдик.

- “Насаф” ҳар йили янгиланиб боряпти. Бу жамоа ўйинига таъсир қилмаяптими?

- Албатта, таъсир қилади. Янги футболчилар жамоа ўйинига мослашиши керак ва бу катта вақтни талаб қилмайди. Чунки жамоамизда катта ўзгаришлар бўлгани йўқ. Асосий йигитларимизни имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Йигитларга ҳар доим сифатли ўйнашларини таъкидлаб келамиз. Менимча, бугун ҳам баъзи-бир вазиятларда жамоамиз яхши таассурот қолдирди.

- Суперлигада қатнашаётган клублар ичида “Олимпик”дан кейинги энг яхши жамоа сизнинг клубингиз, тўғрими? Албатта, ёш жиҳатидан қараганда...

- Бошқа жамоа ҳақида гапирмайман. Ўз футболчиларимни ҳам ёш деб бўлмайди. Улар ёшлигидан ўйнаб келяпти, тажрибаси ортяпти. 22 ёшли футболчиларни ёш десак хато қилган бўламиз. Баъзи клубларда 17-18 ёшли ўйинчилар тўп суришмоқда.

- “Бухоро”дан қайси футболчини эътироф этган бўлардингиз?

- Ҳужум уюштиришда Иминов бошқалардан ажралиб турибди. Майдонни кўриши ва пас узатишлари жуда яхши. Буни бошқа учрашувларда ҳам кўрдик ва бугун ҳам амин бўлдик. “Бухоро”да ёмон жамоа шаклланмабди. Бугун бизга анча қийинчиликлар туғдирди. Рақибга имконият ҳосил қилиши учун вазиятлар яратиб бермадик. Тўпни назорат қилишга ва ташаббус қилишга ҳаракат қилди. Бу жамоани катта ютуғи.

- Норчаевнинг жамоани тарк этганидан кейин “Насаф” ҳужумида муаммолар пайдо бўла бошлади. Иккита ўйиндан бери ҳимоячи Хусниддин Алиқулов гол уриб жамоага фойда келтиряпти. Ҳужумчилар гол урмаслиги ҳавотирга солмайдими?

- Албатта, ҳавотирга солади. Бир неча учрашувларимизда бу кўзга ташланяпти. 4 та расмий учрашув ўтказдик, ҳали ҳужумчиларимиз гол урганлари йўқ. Лекин футболда майдонда 11 киши ўйнайди. Стандарт ёки баъзи вазиятларда ҳимоячилар голли имкониятлардан фойдаланиши керак бўлади. Буни талаб қиламиз ва буни устида кўпроқ ишлаяпмиз. Камчиликларимизни шулар ёрдамида ёпишга ҳаракат қиляпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!