Рўзиқул Бердиев: Биз учун уч очко жуда муҳим
Ads

“Насаф” – “Ал Васл” жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманининг навбатдаги қисмида, қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Игорь Голбан иштирок этишди.

- Аввало ассалому алайкум. Эртага икки мағлубиятга учраган жамоалар ўзаро куч синашишади. Иккала жамоани ҳам фақат ғалаба қониқтиради. Ўйлайманки, қизиқарли ўйин бўлади. Биз бу беллашувга футболчиларимизни яхши тайёрладик. Уч очко жуда муҳим, шу мақсадда эртага майдонга тушамиз.

Ўтган ўйинда йўл қўйган хатоларимизни чуқур таҳлил қилдик. Бу борада футболчиларимизга тегишли кўрсатмалар ҳам бердик. Ўйлайманки, бу хатолар бошқа такрорланмайди. Ўтган ўйинда бизда ўйин тизгинини қўлга оладиган етакчи етишмади. Тўпни назорат қилишда ҳам оқсадик. Бундан керакли хулосаларни чиқардик.

Рақибимизни яхши ўрганиб чиқдик. “Ал Васл”да ҳам бошқа рақибларимиздек ўйин амалиёти кучли, чунки уларда ҳам ички чемпионат энг қизғин паллада. БАА клубининг кейинги тўртта ўйинини ўрганиб чиқдик. Жамоанинг олдинги чизиғида ўйнайдиган учта ўйинчи жуда хавфли. Бунга қарши ўйинчиларимизни тайёрладик.

Биз янги футбол мавсумида учинчи расмий ўйин ўтказиш арафасидамиз. Бизда ўйин амалиёти етишмаслиги баҳона бўла олмайди. Жаҳонгир Алиевни ҳозирги ҳолати, бизга ёрдам беришга тайёр. Аммо унинг ўйинга тушиш ёки тушмаслиги эртага аниқ бўлади, - деди Бердиев. 

Игорь Голбан: - Эртага қизиқарли ўйин бўлади. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Биз бўлажак ўйинга тайёрмиз. Эртага мухлисларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз, - деди ҳимоячи.