Рўзиқул Бердиев: "Чемпионлик чўнтагимизда бор, бу бизга хотиржамлик тақдим этади"

  • 17 август, 08:46
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Насаф” клуби ўз майдонида воҳа дербисида “Шўртан”ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

Tecno

- Табрик учун раҳмат. Мухлисларимизни ҳам ғалаба билан табриклайман. Баъзида аутсайдерга қарши ўйнаганингда руҳий тайёргарлик етарлича бўлмайди. Чунки йигитларга қанчалик уқтирмайлик, уларда ўйинга бўлган иштиёқ барибир кам бўлиши мумкин. Буни биринчи бўлимда кўрдинглар. “Шўртан” жамоаси 5-4-1 схемаси бўйича ҳимояланганида ёриб ўтишимиз қийин бўлди. Ўйинчиларга тушунтирдик, вазият яратишимиз, сабр қилишимиз керак эди. Биринчи голдан кейин ўйин биз тарафга ўтиб кетди. Керакли ғалабани қўлга киритдик.

- Жавоҳир Сиддиқов, Ойбек Бозоров каби футболчилар майдонда кўринмади. Уларни жароҳати бормиди?

- Қанотларда тезкор ўйинчиларни киритишимиз керак эди. Ўйинга тезкорлик қўшишимиз лозим эди. Шуни ҳисобга олиб, Шерзод билан Зафарни туширдик ва менимча улар вазифани яхши бажаришди. Бу учрашувга йўқотишлар бор эди. Ойбек Фарғонада жароҳат олди. Уни даволашига яна 3-4 кун керак бўлади. Жавоҳирда ҳам кичкина жароҳат бор.

- Янги олинган легионерларни даражасини қандай баҳолайсиз?

- Икки кун биз билан машғулот ўтказди. Уларни жисмоний ҳолати, ўйин амалиёти кам. Бу нарса кўриниб турибди. Аста-секинлик билан оптимал формага чиқаришга ҳаракат қиламиз.

- Голбан 85-дақиқада майдонга тушди. Жамоадоши чарчаб қолгани учунми ёки...

- Узун тўплар билан ўйнашга ўтдик. Сардорни жароҳати борлиги учун Игорни ўйинга қўйдик.

- Олдинда ОЧЛ ўйинлари бор. “Насаф” чемпионатида рақибларини ўзига яқинлаштириб қўйди. Йил охирида чарчоқ туфайли пешқадамликни топшириб қўйиш қўрқуви йўқми?

- Биз хотиржаммиз. Имкон қадар 1-ўриндан тушмасликка ҳаракат қиламиз. Чемпионлик чўнтагимизда бор. Бу бизга хотиржамлик тақдим этади. Бу нарсани сақлаб қолишимиз керак. Тўғри, ўйинларда очко йўқотдигу, лекин ўйин тарафдан иккита рақибдан ҳам анча устунлигимизни кўрсатдик. Шу боис йигитларга шу темпда, шу иштиёқда ҳаракат қилишимиз керак. Олдимизда оғир мавсум кутиб турибди. Осиёни энг яхши жамоалари билан ўйнаймиз. Ўша пайтга келиб яхши бўлишга ҳаракат қиламиз. Кучли клубларни бизга рақиб бўлгани жамоамиз учун ҳам, мухлисларимиз учун ҳам катта қизиқиш бўлади. Тайёргарлигимиз, ўйинга бўлган иштиёқимиз ўзгача бўлади, деб ўйлайман.

- Янги футболчиларга мослашиши учун вақт керак. Уларни “насаф”чи деб ҳис қилишлари учун қанча вақт керак?

- Қўшилганига оз муддат бўлди. Биз кўп ўйинчиларни кўриб чиққандик. Охири уларга тўхталдик. Жамоа ўйинига сингдиришга ҳаракат қиламиз. Жамоавий ўйинни яхши ташкил қилишимиз керак бўлади. Индивидуал ҳаракат билан балки ҳеч кимни мағлуб эта олмасдирмиз, фақат жамоавий ўйин керак бўлади. Шунинг учун янгиларни ҳам тезроқ жамоавий ўйинимизга сингдиришга ҳаракат қиламиз.

- Кейинги турдаги “Сурхон” билан учрашувдан нималар кутяпсиз?

- Ҳар бир учрашувга жиддий ёндашамиз. Очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Термиздаги баҳсда ҳам максимал ҳаракат қиламиз. Рақобатбардош жамоалар яқинлашиб келяпти. Очколарни йиғишимиз керак. Чемпионатимизни кўряпсизлар, ҳар бир жойда жиддий ёндашмасак, текис йўлда очколарни йўқотиб қўйишимиз мумкин. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!