Рўзиқул Бердиев: "Эртага ғалаба қозониш учун бор кучимизни берамиз"

ОЧЛнинг 4-туридан ўрин олган "Насаф" - "Шаржа" баҳси олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда "аждарлар" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Ассалому Алайкум барчага. Яна бир синов, яна бир жиддий рақиб, яна бир катта жамоа. Менимча, бу учрашувга етарлича тайёргарлик кўрдик. Қанчалик зиж тақвимда ўйнаётганлигимизга қарамай, ўз мақсадларимиз учун бор кучимизни беришга тўғри келади. Рақибимиз анча жиддий, тажрибали. Биз эртага натижа кўрсатишимиз учун катта куч, кўп меҳнат қилишимиз керак бўлади. Буни барчамиз тушиниб турибмиз. Ҳаммани хурсанд қилиш учун майдонга тушамиз". 

"Ҳар бир қатнашаётган турнирларимиз якунлаб бормоқда. Якунда ҳосилни йиғадиган пайтлар келади. Биз ҳар бир чемпионатда максимал яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, бу турнирга жиддий эътибор қаратганмиз. Кейинги босқичга чиқиб, яна бир бор Қаршида ўйин ўтказиш ниятимиз бор. Албатта йигитларда чарчоқ аломатлари йўқ эмас. Бу балки толиқишдир. Эртанги ўйин қанчалик муҳимлиги футболчиларга қўшимча мотивация беради ва ўзимизга кераклигича куч топа оламиз. Бундай баҳсларда фақат куч билан эмас, балки ақл билан ўйнаш ҳам талаб этилади. Бундан биз кечмаймиз. Сабаби, ушбу ўйин кейинги тақдиримизга таъсир қиладиган учрашув бўлади".

"Сўнгги ўйинларда эътибор берган бўлсангизлар Муҳаммадиев ва Эргашев майдонга туша олмаяпти. Жигаури кеча машғулотларга қайтган. Бу биз учун қувонарли ҳолат. "Шаржа"да бир-бирини ўрнини тўлдира оладиган футболчилар кўп. Рақиб ҳимояда, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилади. Шу билан бирга, индивидуал маҳорат бўйича ҳам кучли футболчилари бор. Шунинг учун, биз барча ўйинчиларини яхшилаб ўрганишимиз керак бўлади". 

"Бизнинг мухлислар кўп. Халқаро майдонда нафақат вилоятингиз учун, балки Ўзбекистон учун ўйнайсиз. Ўйлайманки, ғалаба қозонсак, барча ўзбеклар хурсанд бўлади".

"Хабарингиз бор, биз кетма-кет иккинчи йил ОЧЛда иштирок этяпмиз. Бундай учрашувларда нима қилиш кераклигини йигитларимиз анча тушиниб қолди. Бу ерда даража ва савия катта нарсани ҳал қилади ва жуда ҳам тартибли ўйнаш керак бўлади. Биз Шаржада ютқаздик, лекин менимча, ўша баҳсда биз мағлубиятга лойиқ эмасдик". 

"Руминиялик мураббийни яхши биламан, чунки БААда у кўп йиллардан бери бир нечта клубларда ишлаб келади. Натижалари ҳам ёмон эмас. Мазкур мутахассисни "Шаржа"га келиши клубнинг олдига қўйган мақсадлари катта эканлигини билдиради. Буни жамоа ўз таркибига қўшиб олган юлдузларидан ҳам билса бўлади. Олариу билан "Шабаб"да ишлаётган пайтида тўқнаш келганман. Меҳмондаги ўйинда дуранг бўлган эди. Кейинги учрашув натижаси эсимда йўқ. Ўша пайтларда таркибимизда  Геворкян, Шомуродов каби футболчилар бўларди. Яъни маҳоратга таяниб футбол ўйнар эдик. Кейинги йилларда эса биз академиямизга, ўзимизнинг футболчиларга эътибор қаратишни бошладик ва жамоавий ўйин кўрсатишга тўғри келди. Бу қайсидир маънода ўзини оқламоқда. Кейинги йилларда ҳам "Насаф"да жамоавий футбол шаклланади", - деди Бердиев. 

Эслатиб ўтамиз, "Насаф" - "Шаржа" тўқнашуви 6 ноябрь куни соат 19:00да бошланади. Ўтган баҳсда қаршиликлар 1:0 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!