Рўзиқул Бердиев эртанги матбуот анжуманидан олдин нималар деди?
Ads

Олий лига 25-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Пахтакор” баҳсига Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги вақтинчалик бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ташриф буюрди. Ўйин якунлангач SPORTS.uz сайти ижодкорлари МТЖ устози билан суҳбатлашди. 

Рўзиқул ака, миллий терма жамоамизнинг йиғини қачондан бошланади?

- Биз тақвимни кўриб чиқамиз. Чунки 16 ноябрда бўладиган беллашувларни 3 кунга суриш мумкин. 28-тур учрашувлари санаси ўзгарса, биз 10 ноябрдан йиғинни бошлаймиз. Агар аксинча бўлса, сал эртароқ йиғиламиз.

Сиз Тошкентда бўлганингизда “Насаф”га ким бошчилик қилади?

- Мен фақат битта беллашувда МТЖга бораман. Қолган пайт “аждарлар” билан биргаман. Албатта, кейинги мавсум ҳам қаршиликларда фаолият олиб боришни режалаштирмоқдаман.

МТЖ мураббийлар штаби қай кўринишда бўлади?

- “Насаф”даги мураббийлар штабидан фойдаланаман. Ўзимнинг ёрдамчиларим ва дарвозабонлар мураббийи менга Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувида кўмаклашади.

Айрим хабарларга қараганда, Сергеев ва Лобанов МТЖ йиғинига жалб қилинмас экан. Шу гаплар қанчалик рост?

- Бу ҳақида менда маълумот йўқ. Мураббийлар элликка яқин футболчиларнинг рўйхатини тақдим этишди. Шуларни кўриб, кейин йиғинга жалб этамиз.

“Бухоро” – “Пахтакор” баҳсида қайси ўйинчиларни кўз остингизга олиб қўйдингиз?

- Албатта, икки жамоани ҳам кузатдик. Энди ўзимиз танлаган тактикага қараб, уларни таклиф қиламиз. Яширмайман, бугунги рақибларда ҳам МТЖга номзодлар бор эди. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини стадиондан томоша қилдим. Ҳозир айнан қайсидир футболчини қайд қилмадим. Лекин барча ўйинчиларни кузатдим.

Футболчиларнинг қайси жиҳатларини инобатга олган ҳолда МТЖга жалб қиласиз?

- Биринчи навбатда, жамоа ўйинини яхши тушунадиган, тажриба маҳорати юқори, жисмоний тайёргарлиги жойида, клубида ўзини кўрсатиб, ўйин амалиётига эга бўлаётган бўлиши шарт.

ЎФФ томонидан берилган таклифда агар миллий терма жамоага хориждан мутахассис олиб келинганда, сиз ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб боришингиз ҳам мумкин бўлган банди борми?

- Буни янги мураббий келса ўзи ҳал қилади. Шунинг учун ҳозир асосий эътиборим “Насаф” билан. Чунки Қаршида кўп ишларни бошлаб қўйганмиз. Уларни охирига етказишимиз керак.

 

Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди 

Минбар

Барча блоглар