"Рўзиқул Бердиев ҳеч қачон қарши ҳужумда ўйнамайди". Мутахассис Кубок финали олдидан "Насаф"нинг "Навбаҳор"дан устун томони нимада эканини айтди

30 октябрь куни ҳамма кутаётган ўйин – Ўзбекистон Кубоги финалида “Насаф” ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги жиддий курашни кўрамиз. Бухоро стадиони мезбонлик қиладиган мазкур тўқнашув ҳақида ҳозир ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Буни Рўзиқул Бердиев ва Самвел Бабаян ўртасидаги ўзига хос баҳс деб атасак ҳам муболаға бўлмаса керак.

Жамоалар бир-бирларини яхши билишади. Шубҳасиз, 30 октябрь куни барчамизни ажойиб ўйин кутмоқда. Мухлисларимизга яхши таниш бўлган мутахассислардан бири Жамшид Саидов финал олдидан жамоаларнинг имконияти, кучли жиҳатлари ва яна бошқа жиҳатлар бўйича ўзи фикрларини билдирди.

- Ўзбекистон Кубоги финалига ҳамма жамоалар ҳам етиб кела олмайди, - дея гап бошлади, Саидов. - Бундай баҳс олдидан “Насаф” ёки “Навбаҳор” ютади, деб айтиб бўлмайди. Иккала жамоа ҳам бетараф майдонда ўйнайдилар. Иккала жамоа ҳам ҳозир яхши ҳолатда. Жиддий тайёргарлик кўришаётгани аниқ. Фақат шуни ишонч билан айтишим мумкинки, иккала жамоа футболчилари бор кучини ишга солишди. Бу финал, тамом! Ҳаммаси ўз номига яраша ўтади. Асабий учрашув бўлади. Имкониятларни 50х50 баҳолайман. Охирги пайтларда ўйинларни олдиндан тахмин қилаётгандим, аммо натижалар умуман бошқача бўляпти. Масалан, “Навбаҳор” “Олимпик”ни ўз уйида ютади, деб ўйлагандик. У ерда босим бор, мухлислари бор, деган ҳолатда шундай фикр билдиргандик. “Олимпик”нинг ёшларини қандай ўйнашини олдиндан билиб бўлмайди. Улар нобарқарор. Аммо Намангандаги ўйинни кўрган бўлсангиз, “Навбаҳор” зўрға ҳисобни тенглаштириб олди. “Пахтакор” хурсанд бўлди. Чунки “Насаф” билан “Навбаҳор” дуранг ўйнади. Чемпионлик учун жуда жиддий кураш кечяпти. Кубок финалида боя айтганиимдек, имкониятлар тенг. Иккала жамоа ҳам кучли. “Насаф”даги футболчилар бироз ёшроқ. “Навбаҳор”да тажрибалироқ ўйинчилар бор. Назаримда, учрашув пенальтилар сериясигача чўзилмайди ва ҳаммаси 90 дақиқа ичида ҳал бўлса керак.

Кубок

Тўғри, иккала жамоа ҳам чемпионатда дуранг ўйнаб қўйдилар. Бу ҳолни уларни бор эътиборини Кубок финалига қаратгани билан изоҳламаган бўлардим. Ғалаба учун бор кучларини беришди. Чемпионлик учун курашда “Насаф” билан “Навбаҳор” бир-бирига жиддий рақобат ҳосил қилишган. Энди Кубок финалида тўқнаш келишади. Финал олдидан фақат шуни айтишим мумкин, “Навбаҳор”га нисбатан “Насаф”нинг тажрибаси кўпроқ. Нега деганда, “Насаф” Кубокларда кўп ўйнаган. ОФК Кубоги, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубокларини айтса бўлади. Айниқса, финалларда кўп ўйнаган, керак пайтда ғолиб ҳам чиққан. Шу тарафдан қараганда, “Насаф”ни “Навбаҳор”га нисбатан тажрибаси кўпроқ. Биз четдан кузатганимизда, кўпроқ чиройли футболга эътибор қаратамиз.

“Насаф” клуби тезкор ва комбинацияларга бой ўйин намойиш қилади. Ҳимоядан ҳужумга ҳам тез ўтиб кетади. “Навбаҳор” эса кўпинча позиция бўйлаб ўйнайди. Аммо ўйлайманки, финалда икки жамоа ҳам қарши ҳужумда ўйнамайди. Клублар ҳужумкор ўйин кўрсатадилар. Бу Кубок финали бўлгани учун иккала мураббийлар максимал даражада таваккалчиликка қўл урадилар. Рўзиқул Бердиевни яхши биламиз, у ҳеч қачон қарши ҳужумда ўйнамайди. Аксинча, “Навбаҳор”ни қарши ҳужумларда ўйнаган пайтлари бўлган. Яна бир томони борки, “Насаф” жисмоний томондан “Навбаҳор”дан кучлироқ.

насаф пахта1_1

“Насаф”ни ҳам, “Навбаҳор”ни ҳам таркибини яхши биламиз. Ўйлайманки, финалда жамоалар таркибларида катта ўзгаришлар бўлмайди. Асосий таркибдаги ўйинчилардан фойдаланишади. Барчаси максимал даражада ҳаракат қилади. 11 нафар футболчининг ҳаммаси бор кучини ишга солишлари аниқ. Яхши ўйин бўлиши керак. Бухородаги стадион ва унинг чими ажойиб ҳолатда. Албатта, жамоаларнинг тикланиши учун вақт кам. Аммо битта ўйин учун клублар керакли режа асосида тикланишяпти, деб ўйлайман, - дейди Жамшид Саидов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Khamalov Ali Muhammad
27/10/2022 17:21
Фигалда, финалга хакли жамоалар Худо хохласа кучли уйин булади икки жамоага хам омад