Рўзиқул Бердиев: "Ҳимояланишга мажбур бўлдик. Аслида, бугунги режамиз ҳам шундай эди"
Ўзбекистон Суперлигаси 24-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Насаф" баҳси якунланди. Унда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Меҳмонлар сафида ягона голга Шерзод Насруллаев муаллифлик қилди. Унинг голига жавобан иккинчи бўлимда Ҳожимат Эркинов мувозанатни тиклади.
Беллашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Чемпионлик учун курашаётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келди. Лима ўз вазиятини голга айлантирганида натижа биз учун яхши бўларди.
Ўйлашимча, кураш ҳали давом этади. Бугун футболчилардаги толиқиш ўз сўзини айтди. Мезбонлар бизга қараганда енгилроқ ҳаракат қилди. Шу сабабли, биринчи таймда ҳам, иккинчисида ҳам ҳимояланишга мажбур бўлдик. Аслида, бугунги режамиз ҳам шундай эди.
Кўпроқ ҳимояланиб, қарши ҳужумларга эътибор қаратган эдик. Буни биринчи бўлимда амалга оширдик, аммо иккинчисида чарчоқ кузатилди", - деди "Насаф" бош мураббийи.
Фикрлар