Рўзиқул Бердиев "Насаф"дан чиққан футболчилар Тошкент клубларига кетиб қолиши ҳақида гапирди

"Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев сайтимиз учун берган интервьюсида асосий жамоадан жой бериб, катта футболчи қилиб етиштирган ўйинчилари Тошкент клубларига кетиб қолиши қанчалик таъсир қилиши ҳақида гапирди.

"Биз бунга мажбур бўляпмиз. "Пахтакор" туфайли эмас, ўзимизнинг имкониятимиз пасайгани учун, яъни бюджетимиз камайгани, сметаларимиз қисқартирилгани сабаб бўлмоқда.

2017 йилда "Пахтакор"ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, кумуш медални қўлга киритган пайтимиз жамоани 2 йил давомида шакллантирган эдик. Клубимизда тажрибали футболчилар бор эди ва улар ёшларни уйғунлаштириб келаётганди. Ўшанда, раҳбариятга шу жамоани сақлаб қолиш кераклигини ва таркибга 2, 3 та футболчини қўшиб, юқори мақсадлар йўлида курашишни, жумладан, Чемпионлар лигасида яхши натижалар учун курашишни таклиф қилгандим, аммо бизга "сметаларимиз қисқаради ва катта футболчиларни олиб қолишимиз қийин бўлади," - деб аниқ қилиб айтишди. Кўплаб футболчиларимиз билан 1 йиллик битим бўларди ва шунинг учун "Пахтакор"дан бўлган яхши таклифларни қабул қилишди. Афсуски, уларни текинга қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Кейинги мавсумда ҳам шу ҳолат такрорланди, Драган Черан ҳамда Игорь Голбан жамоани бепул тарк этди ва фақатгина Одил Ҳамробеков билан узоқ йиллик шартномамиз борлиги учун уни 2,5 млрд сўмга трансфер қилдик.

Барчаси бюджетга бориб тақалади, ҳозирги кунда ҳам шундай аҳволга тушишимиз мумкин, аммо вазиятни ўнглаш учун имкониятимиз бор. Молиявий қийинчиликлар бор ва кўп ёш футболчиларимизнинг шартномаси якунига етмоқда. Бу нарса, яна ўша ҳолат қайтарилишига олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, биз бунга мажбур бўляпмиз," - деди Рўзиқул Бердиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!