Рўзиқул Бердиев: Натижа мени қониқтирмади

Бугун Ўзбекистон Суперлигаси доирасида Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз майдонида Қаршининг "Насаф" жамоасини қабул қилди. Мазкур ўйинда ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан "бўлишиб олишди". 

Ушбу ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев ва футболчи Игорь Голбанлар иштирок этишди. Бу ҳақда "Нефтчи" матбуот хизмати хабар бермоқда.

Рўзиқул Бердиев: “Биринчи ўринда футбол мавсуми билан табриклайман. Баҳс ажойиб муҳитда кечди. “Истиқлол” стадионида аввал ҳам мана шундай муҳитда тўп сурганмиз. Мен ўша ўйинни эсладим. Ўша учрашувда Фарғона жамоасини мағлуб этгандик. Афсуски, бугун ғалабага эриша олмадик. Натижа ўйинга мос бўлди. Хар иккала жамоа ҳам фақат ғалаба учун тўп сурди. Голли вазиятлар кўп бўлди. Бироқ хеч бир жамоа вазиятлардан фойдалана олмади. Очиғи, натижа мени қониқтирмади. Фарғонага ғалаба учун келгандик. Энди эътиборимизни ОЧЛдаги баҳсларга қаратамиз”

Игорь Голбан: “Фарғона аҳлини футбол мавсуми билан қутлаб қоламан. Мухлислар билан тўлиб тошган стадионда тўп суриш мени илҳомлантирди. Ўйинга келадиган бўлсак, белгиланган режаларимиз тўлиқ амалга ошмади. Ғалаба қозониш учун ўзимизнинг устимизда кўпроқ ишлашимиз керак бўлади. Кейинги ўйинимиз ОЧЛ доирасида кечади. Ушбу баҳсга тайёргарлик кўришни бошлаймиз”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!