Рўзиқул Бердиев "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
4 декабрь куни Самарқандда Ўзбекистон кубоги финал баҳси ўтказилади. Бугун учрашувдан олдинги матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиев, футболчилар Ҳусаин Норчаев ва Ойбек Бозоров иштирок этди.
Рўзиқул Бердиев: “Пахтакор” билан мавсумни бошлагандик. Энди якунлаймиз. Бу бежизга эмас. Икки жамоанинг савияси бир хил. Эртага жамоанинг жисмоний ҳолати яхши. Кубок учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Икки жамоада ҳам ёш футболчилар жуда кўп. Эртага уларга имконият берилади. Албатта, уларнинг тажрибаси катта эмасдир. Бироқ ёшлар ўзларини кўрсатишига умид қиламиз.
“Насаф” мавсумда кўп ўйинлар ўтказди. Мавсум бошида жамоа олдига жиддий мақсадлар қўйилмаганди. Қолаверса, жамоада йўқотишлар бор эди. Камчиликлар ҳам. Булар фақат гол ўтказиб юборганда эмас, рақибга имконият бермоқдамиз. Бу таркибда кучли футболчилар камлигида.
Раҳбарият билан футболчиларни сақлаб қолиш борасида гаплашдик. Бу борада клуб раҳбарлари жамоа етакчиларини сақлаб қолиш бўйича келишиб олганмиз. Уларнинг режалари бор. Кейинги мавсум олдидан таркибимизга кучли футболчиларни ҳам қўшиб олмоқчимиз.
Руҳий тайёргарлигимиз яхши. Ортиқча руҳий боис ҳам ортиқчалик қилиши мумкин. Жамоа эртанги ўйинга тайёр.
Албатта, “Локомотив” билан учрашувда ўрин эгаллаш муҳим эди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу амалга ошмади. Эртага футболчиларим борини беради. Шогирдларим кўп меҳнат қилишди.
Ойбек Бозоров: Жамоада барчаси яхши. Муҳим ўйинга тайёргарлик кўрдик. Суперлига якунлангач, ҳордиқ чиқариш имкони бўлди. Учрашувга барча шай ҳолатда.
Ўйинимда пасайиш? Мен ундай деб ўйламайман. Четдан қараганда шундай кўринаётган бўлиши мумкин. Лекин мен бундай демаган бўлардим.
Ярим ҳимоячилар голларга ассистентлик қилиши, вазиятлар яратиши керак. Балки кам гол ураётганим учун шундай фикр пайдо бўлаётгандир. Умуман олганда, ўйиним ўтган йилгига қараганда ўзимга ёқяпти. Асосийси, эртага биз ўз уйимизда ўйнагандек ҳаракат қиламиз. Мухлисларимиз ҳам кўпроқ бўлади.
Бу ўйинда "Пахтакор"дан кўра бизда мотивация кўпроқ. Чунки жамоа чемпион бўлди. Биз ҳам мавсумни соврин билан якунлашни истаймиз.
Ҳусаин Норчаев: Финалга яхши тайёргарлик кўрдик. Мухлислар учун кубокни қўлга киритиб, ортга яхши кайфиятда қайтамиз. Кайфиятимиз аъло даражада.
Фикрлар