Рўзиқул Бердиев: Рақиб қўпол ўйнаса ҳам, қўрқмаслик керак

Бугун Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасида Қаршининг "Насаф" клуби ўз майдонида "Бухоро"ни қабул қилди. Мазкур учрашувда "аждарлар" 3:1 ҳисоби рақибдан устун келишди. 

Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда Қарши клуби расмий сайти хабар бермоқда.

"Рақибимиз “Бухоро” жамоасида тажрибали ўйинчилар йиғилишган, бугунги учрашувдан кейин жамоа олдига бемалол чемпионлик вазифасини қўйса ҳам бўлар экан деган, фикрга келдим. Жамоада юқори тажрибага эга футболчилар жам бўлган. Аммо футболчиларимизнинг бугунги кўрсатган ўйинига алоҳида миннатдорчилик билдираман, рақибга нисбатан тезроқ ўйнадик ва фикрладик. Бу орқали бугун биз ишончли ғалабага эришдик. Гувоҳ бўлдиларингиз, футболчиларимиз бугун ўз характерини ҳам намойиш қилишди. Ўша биринчи голдан кейин улар тушкунликка тушишмади ва олдинга боришди. Натижада ишончли ғалабани қўлга киритдик. Бу ҳолат албатта мураббийларни хурсанд қилади. Йигитларимизнинг ўйинидан мамнунман. Уларга яна бир марта раҳмат айтаман.

Дониёр Нарзуллаев? Дониёрга агар бугун рухсат берсак, майдонга тушишга тайёр. Аммо у керакли муолажаларни олиши керак, шифокорлар шуни талаб қилишаяпти. Ўйлайманки, у бир ойларда сафимизга қайтади.

Афсуски, бўлажак ўйин олдидан таркибмизда йўқотишлар бор. Биз бу ҳақда чуқур ўйлаб режалар тузиб қўйдик. Буни ҳозир очиқ айта олмайман.

Жаҳонгир Алиев? Уни албатта майдонда кўрасизлар. Биз бу футболчимизни хизматидан ҳали кўп фойдаланимиз, унга ҳали кўп имконият берамиз. Бугун унинг майдонга туширилмаганига сабаб, тактикамиз бошқачароқ бўлди. Шунинг учун Ислом Кенжабоевни майдонга туширдик. Биз таркибимиздаги барча ўйинчиларимизга имкон берамиз. Майдонга камроқ тушаётган ўйинчиларимиз борасида бошқача фикрга бормасликларингизни, сўраган бўлардим.

Бобир Давлатов? Бобирни ёшларимиз терма жамоасида қандай ўйнаганини биласизлар. Бу футболчимиз ҳозир жамоамизга мослашиш жараёнини ўтказаяпти. Бобир Давлатов ҳам жамоамизга ҳали кўп ёрдам беради. Биз барча футболчиларимизга имконият берамиз. Улар бунга тайёр туришлари керак.

Биз рақибни яхши ўрганган эдик. Рақиб футболчиларини асабийлашиши учун, футболчиларимизнинг тезкор ҳаракатлари ҳам сабаб бўлди. Биз бунга тайёр эдик. Рақиб қупол ўйнайдими ёки бошқачами, қўрқмасдан ўйнаш керак. Бошқача айтганда футболчиларимизнинг ҳам энди ёшлиги қолмади. Улар ҳар қандай рақиб билан муносиб курашиши керак", - деб айтиб ўтди Бердиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!