Рўзиқул Бердиев: "Тўғриси, Қўқон-1912"дан чўчигандик, чунки...
“Қўқон-1912” – “Насаф” (0:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда, дастлаб, “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
- Икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Қийин кечган ўйиннинг охирида омадимиз келди. Стандарт вазиятдан яхши фойдаланиб, ғалабага эришдик. Лекин жамоамнинг ўйини мени унча қониқтирмади. Буни билардим, чунки жамоамнинг ҳолати биз кутган даражада эмасди. Шунга қарамасдан, муҳим ғалаба қозониб уч очкога эга бўлдик.
- “Насаф” иккита вазиятда фейр-плейга амал қилмаганга ўхшади...
- Мен ўша вазиятда ўйинчиларимдан атайин сўрадим. Агар ҳолатни такрор кўриб чиқсанглар, тўп Славко Лукичда эди. Олдинга пас бераман, деб хато қилди. Шундан кейин бизга тўп келиб тушди. Албатта, биз ўша вазият учун футболчилар билан гаплашамиз. Аммо баъзи вазиятларда биз ҳам, улар ҳам фейр-плейга амал қилишмади. Бу – футбол ва қаердадир бундай ҳолатлар бўлади.
- “Насаф” гол урган вазиятдан олдин дарвозабонга нисбатан қоида бузилгандек кўринди. Ўша ҳолат учун нима дейсиз?
- Ҳакамлар ўша вазиятга яқин турганди. У ерда стандарт ҳолат эди. Бундай пайтда ҳар бир эпизод ҳакамларнинг диққат-эътиборида бўлади. Менимча, у ерда ҳеч қанақа хато бўлмаган.
- “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига чиқди ва жамоанинг айрим футболчиларига таклифлар борлиги айтиляпти...
- Менга бундай таклифларни ҳеч ким билдиргани йўқ. Лекин ўша ерда жуда кўп жамоаларнинг агентларини кўрдик. Амммо аниқ таклифлар бўйича менга ҳам, клубга ҳам ҳеч ким мурожаат қилмади.
- Тўғрисини айтганда, “Қўқон-1912” жамоасининг бугунги ўйини дурангга мосмиди?
- Албатта, бизга озгина омад кулиб боқди. Бугунги ўйинда шамолнинг эсиб тургани қайсидир даражада сифатга ҳам таъсир қилгандир. Тўғриси, Қўқон жамоасидан чўчигандик. Чунки ўз жамоамнинг ҳолати яхши эмасди. Сафарда оғир учрашувларни ўтказиб келдик ва қайтганимизга энди уч кун бўлганди. “Қўқон-1912”нинг охирги ўйинларини кўриб чиқдик. Кўпроқ узун паслар ва стандарт вазиятларга суянади. Шунинг эвазига йигитларга стандарт ҳолатларда эҳтиёт бўлишларини таъкидлагандик. Менимча, яхши ҳаракат қилдик. Қўқонликлар кўпроқ стандартларга таянгани учун бизга осонроқ бўлди. Лекин бизга нисбатан мезбонларнинг ҳаракати яхшироқ эди. Шу ўринда юртдошларимизни Ҳайит байрами билан табриклаймиз. “Қўқон-1912”га кейинги учрашувларида омад.
Фикрлар