Рубин Хебай: "Умид қиламанки, шу темпда давом этаман"

“Андижон” ҳужумчиси албаниялик Рубин Хебай бу йил Суперлиганинг ёрқин юлдузларидан бирига айланиб бораётгани энди кўпчиликка маълум.

Футболчи ўзига нисбатан жуда талабчан бўлиб, ҳар учрашувда жамоага манфаат келтириш учун астойдил меҳнат қиляпти ва буни у ўз голлари билан амалда исботлаб келмоқда. “Андижон” сафида Хебай ҳозирга қадар ҳаммаси бўлиб 10 та гол урди ва шунинг 8 таси Суперлигада киритилди.

Сафарда “Бухоро”га қарши бўлиб ўтган баҳсда ҳам Рубин яна катта саҳнага чиқди. Унинг урган ягона голи “Андижон”га муҳим бўлган ғалабани келтирди. Албаниялик легионер ўйин билан боғлиқ айрим саволларга жавоб берди.

- Рубин, “Бухоро” клубига қарши ўтказилган учрашув борасида фикрингизни билмоқчимиз...

- Ўйлашимча, бу жуда қийин ўйин бўлди. Лекин биз кўп энергия сарфламасликка муваффақ бўлдик. Бухоро Андижондан анча олисда. Тўғриси, узоқ сафардан сўнг бироз чарчагандик. Нима бўлган тақдирда ҳам жамоамиз билан уч очкони қўлга киритиш учун майдонда ҳар бир сонияда жанг олиб бордик.

Хебай5

- “Андижон” биринчи бўлимга қараганда иккинчи бўлимда янада яхшироқ ўйнади ва сиз гол уришга муваффақ бўлдингиз. Бу тактик услубдими ёки танаффус пайтида мураббий жамоага қўшимча кўрсатмалар берганмиди?

- Менимча, бунинг сабаби биринчи тайм жуда иссиқ бўлди. Иккинчи таймда эса ғалаба қозонишимизга кўпроқ ишондик.

- “Бухоро” сиз кутгандек ўйин кўрсатдими?

- Ҳа, рақиб жамоа биз кутгандек ўйин кўрсатди. Худдики, мураббиймиз биз футболчиларга уқтиргандек ҳаракатланишди.

хебай2_3

- Кетма-кет голлар уришда давом этяпсиз. Бу сафаргисини фаолиятингиздаги энг омадлиси деса бўладими?

- Ўтган мавсумда ҳам кўплаб голларга муаллифлик қилгандим. Бу мавсумда ҳам гол уришда давом этаётганимдан жуда мамнунман. Умид қиламанки, худди шу темпда давом этаман.

- Навбатдаги ўйин амалдаги чемпион – “Пахтакор”га қарши бўлиб ўтади. Учрашув олдидан нима деган бўлардингиз? Масалан, “Пахтакор” ҳақида нималарни биласиз?

- Назаримда, ҳар доим чемпион жамоага қарши майдонга тушиш бу шараф. Лекин биз ўзимиз учун барибир курашамиз. Табиийки, очколар ишлашга ҳаракат қиламиз. Бемалол айтаманки, бу жуда яхши ўйин бўлади.

хебай3_3

- Дарвоқе, Бухородаги ғалабани кимга бағишладингиз?

- Оиламга, жамоадошларимга ва барча андижонлик мухлисларга. Улар ҳурматга лойиқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
26/06/2023 05:23
Рубен Х,абаж сенга ва жамоадошларингга катта рах,мат сизларни олдинда галабалар кутиб турибди