Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраевнинг вазни Париж Олимпиадасида бўлмайди

Халқаро оғир атлетика федерациясининг маълум қилишича, "Париж-2024" Олимпия ўйинларида ушбу спорт вазн тоифалари 4 тага қисқартирилди ва 10 та вазн тоифасига тушди.

Спортчилар жорий йил "Токио-2020" Олимпиадасида 14 вазнда (эркак ва аёлларда 7 тадан тоифа) беллашишган бўлса, "Париж-2024"да бу тоифалар қисқармоқда. Янги тоифада эркаклар ва аёллардаги энг оғир вазнлар ўзгартирилди. Унга кўра, бўлажак Олимпия ўйинларидаги вазн тоифалари қуйидаги кўринишга келмоқда:

Эркаклар: -61 кг, -73 кг, -89 кг, -102 кг, +102 кг
Аёллар: -49 кг, -59 кг, -71 кг, -81 кг, +81 кг

МОҚ матбуот хизмати бу борада Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, IWF Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов билан алоқага чиқди.

“Тўғри, Олимпия вазн тоифалари ўзгарди. Атлетлар бир вазнга боғланиб қолмай, тоифаларини ўзгартириб туришади. Бу биз учун мослашиб олишга қийинчилик туғдириши мумкин, аммо умумий олиб қараганда фожиа эмас. Спортчиларимизнинг имкониятларидан келиб чиқиб, ажратилган барча квоталар бўйича лицензия олишимизга ишонаман. Шу боис, бор эътиборимизни янги Олимпия вазнларида медаль қўлга киритишга қаратамиз”, – деди Ш.Маҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу спорт турида "Рио-2016" Олимпиадасида Руслан Нурудинов -105 кг, "Токио-2020" Олимпия ўйинларида Акбар Жўраев -109 кг вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритишган эди. Энди "Париж-2024"да ушбу вазн тоифалари бўлмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Muhammad Ali 07
22/12/2021 16:45
Bu yahshi yangilik bōlishi mumkin ikkalasiyam chiqish imkoniyati bor Juraev +102 ōzini kōrsatishi mumkin vesini kōtarib